Афғонистон шимолидаги Балх вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош маъмурий маркази Мозори Шариф шаҳрида 6 декабрь куни нефть компанияси ишчиларини олиб кетаётган автобус портлатиб юборилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.
«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Балх хавфсизлик кучлари вакили Муҳаммад Осиф Вазирий (Mohammad Asif Waziri) нинг айтишича, йўлдаги бомба портлашидан 7 киши ҳалок бўлган, олти киши яраланган. Портлаб кетган автобусда Ҳайратон шаҳридан уйига қайтаётган нефть компанияси ходимлари бўлган.
Ҳозирча мамлакатда фаолият юритаётган бирорта қуролли гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Таъкидлаш жоиз, бугун Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида ҳам портлаш содир бўлди. Ҳодиса вилоят маъмурий маркази бўлмиш Жалолобод шаҳрида содир бўлди. Айни дамда 9 нафар одам ярадор бўлгани маълум.
*Россия ва кўплаб давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).