Қозоғистоннинг Манғистау вилоят маркази бўлмиш Актау шаҳрида 5 декабрь, душанба куни аҳоли шу кунгача қайта тикланмаган иссиқ сув таъминотисиз қолди. Шаҳар ҳокими Ербол Избергеновнинг тушунтиришича, уй-жойларни узлуксиз иссиқлик билан таъминлаш мақсадида иссиқ сув таъминоти чекланган.
Мулозим шаҳар аҳолисига қилган мурожаатида бўлган воқеанинг асосий сабабини «МАЭК-Казатопром» МЧЖнинг «эскирган ускуналари»ни режали таъмирланиши билан изоҳлади.
«Бу ҳолат жиддий назоратим остида. Айни пайтда муаммони қисқа муддатларда ҳал этиш учун барча кучлар сафарбар этилган. Биз фуқароларни хотиржам ва сабрли бўлишга чақирамиз», — деди у.
Маҳаллий Lada.kz нашрининг ёзишича, вилоят раҳбари мавжуд вазиятдан хабардор. У вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Бекбол Ўринбасаров, Оқтау шаҳри ҳокими Ербол Избергенов, энергетика ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бердибек Картбаев, «МАЭК» МЧЖ бош директори Талгат Эсентугелов ва унинг ўринбосари Мурат Игалиевга хайфсан эълон қилган.
Шаҳарда 30 ноябрь куни иссиқ сув истеъмоли, жумладан, совуқ туфайли кўпайган. Шу муносабат билан, резервуарларда унинг даражаси кескин пасайган. 5 декабрь куни шаҳарда иссиқ сув таъминоти чеклаган.
Қозоғистонда бу йилги кузги-қишки иситиш мавсуми коммунал хўжаликларда содир бўлган фавқулодда ҳодисалар билан ажралиб турди. Ноябрь ойи бошида мамлакат шарқидаги Риддер шаҳрида техноген характеридаги фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бундай қарор маҳаллий иссиқлик электр станциясида бир ой ичида содир бўлган иккинчи авариядан сўнг қабул қилинди, бунинг оқибатида 22 минг аҳоли иссиқлик таъминотисиз қолди.
7 ноябрга ўтар кечаси Экибастуз ИЭСда тўртта қозонхона иши тўхтаб қолган ва иссиқлик тармоқларида кўплаб ёрилишлар содир бўлган. Бунга станция ходимларининг нотўғри ҳаракатлари сабаб бўлганлиги айтилди. Натижада 30 даража совуқда ўнлаб уйлар иссиқлик таъминотисиз қолган. Мазкур факт юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.