22 декабрдан Эроннинг Qeshm авиакомпанияси Теҳрондан Тошкент ва Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Теҳрон-Тошкент-Олма-Ота-Теҳрон ва Теҳрон-Самарқанд-Теҳрон йўналишларида мунтазам рейслар йўлга қўйилади.
Парвозлар ҳафтада бир марта Airbus 320 самолётларида амалга оширилади. Келгусида рейслар сонини ошириш режалаштирилган.
Qeshm Air авиакомпаниясининг янги йўналишлар очиши Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм алоқаларини фаоллаштиришга ёрдам беради, дейди Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Баҳодир Абдуллаев. Iran News хабарига кўра, элчи Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида 18 та ҳужжат имзоланганини, жумладан, бизнес, илмий доиралар ва сайёҳлик гуруҳлари вакиллари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги келишув ҳамда 2022-2025 йиллар учун туризм соҳаси ҳамкорлик дастури ҳам борлигини эслатди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган 300 мингдан ортиқ сайёҳдан бор-йўғи 350 нафари эронликлар бўлганини таъкидлаган Абдуллаевга кўра, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар кўпайиши ҳисобига сайёҳлар сони ортишига умид билдирган.
Qeshm Air — бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган Эрон авиакомпанияси. 1993 йили ташкил этилган. Мунтазам ички ва халқаро йўловчи ташиш, шунингдек, чартер рейсларини амалга оширади. Ҳаво флоти 17 та самолётдан иборат.