5 декабрь куни Эронда ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий иш ташлаш ҳаракатлари бошланди. Бу ҳақда мамлакатнинг бир қанча йирик шаҳарларидан гувоҳлар хабар бермоқда.
Бир кун олдин Эронда намойишчилар шу ҳафтада уч кунлик иш ташлашга чақирган эдилар.
Ўша куннинг ўзида Эроннинг бир қанча юқори мартабали мулозимлари, жумладан президент Иброҳим Раисий билан ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувдан сўнг депутат Незамоддин Мусавий (Nezamoddin Mousavi) ҳукумат «халқнинг реал талабларига эътибор қаратаётганини» таъкидлади.
Шу билан бирга, сўнгги кунларда бартараф этилгани хабар қилинган «ахлоқ полицияси» билан боғлиқ вазият ноаниқлигича қолмоқда.
Аввалроқ Ислом Республикаси Бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазери (Mohammad Jafar Montazeri) Эронда амалдаги норозилик намойишларини келтириб чиқарган «ахлоқ полицияси» йўқ қилинганини маълум қилганди.
«Ахлоқ полицияси»га масъул Ички ишлар вазирлиги унинг ёпилгани ҳақида ҳеч қандай тасдиқни олмаганини ва Эрон давлат матбуоти Монтазери полицияни назорат қилиш учун жавобгар шахс эмаслигини хабар қилган.
Эронда сентябрь ойининг ўрталаридан бери давом этиб келаётган норозилик намойишларига асли курд миллатига мансуб бўлган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлганини қўшимча қиламиз. У Теҳроннинг ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб, ҳибсга олинганидан сўнг вафот этганди. Гувоҳларнинг айтишича, қиз хавфсизлик кучларининг шафқатсиз ҳаракатлари туфайли вафот этган.
HRANA маълумотларига биноан 4 декабрь ҳолатига кўра, намойишларни шафқатсизларча бостириш натижасида 471 нафар тинч аҳоли, жумладан, 64 нафар вояга етмаган одам ҳалок бўлган, 18210 киши ҳибсга олинган.