Ўзбекистон ҳукумати 2022 йили Истанбулда бўлиб ўтган футбол бўйича ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган мамлакат футбол терма жамоаси аъзоларига Chevrolet Cobalt автомобилларини совға қилди. Бу ҳақда «Даракчи» хабар берди.
Ғолибларни тақдирлаш маросими Паралимпия қўмитаси биносида бўлиб ўтди. Тадбирда Президентнинг спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон футбол ассосиасияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматовлар иштирок этди.
Мутасаддилар спортчиларни эришган муваффақиятлари билан табриклаб, ҳукуматнинг бундай эътибори имконияти чекланган ўзбекистонликлар учун спортда ютуқларга эришишда катта туртки бўлишига умид билдирди.
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси дунёда энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонликлар жаҳон чемпионатларида учта олтин медали, шунингдек, битта кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритганлар. 1988 йили «Матонат Футбол» ампутантлар футболини ривожлантириш маркази негизида ташкил этилган «Матонат» футбол клуби Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар ҳам – 1990 ва 1991 йиллари жаҳон чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган эди.