Москва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифини Россияга қилганини юқори баҳолайди. Бу ҳақда 28 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Кремлда қозоғистонлик ҳамкасби билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
«Бугунги ташриф алоҳида аҳамиятга эга: бу Қосим-Жомарт Кемелевич Қозоғистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейинги биринчи ташриф, шу маънода муҳим аҳамиятга эга, муносабатларимизнинг ўзига хос хусусиятини таъкидлайди», — деди Россия давлати раҳбари ва «биз буни жуда қадрлаймиз», деб қўшимча қилди.
Путин Тўқаев билан учрашувлари мунтазам ўтказилаётганига эътибор қаратди, улар яқинда Ереванда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида учрашган.
«Биз ҳар доим учрашувларимиздан долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун фойдаланамиз. Ва биринчи навбатда иқтисод ҳақида гапирамиз, зеро бу барча соҳалардаги муваффақиятларимиз асосидир», — деди Путин.
Тўқаев, ўз навбатида, россиялик ҳамкасбига Қозоғистон президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўллаган шахсий табриклари учун миннатдорлик билдирди.
«Дарҳақиқат, ушбу воқеадан сўнг менинг биринчи хорижий ташрифим шу ерда, ўзида чуқур сиёсий аҳамиятга эга Россия Федерациясига бўлди. Албатта, бу ташрифда маълум бир рамзийлик бор. Бошқа томондан, бу табиий ҳол, чунки биз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида гапирамиз. Бу йил биз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонладик. Бугун биз ушбу тарихий санага бағишланган декларацияни имзолаяпмиз», — дея Тўқаев сўзларини келтиради Оқорда сайти.
Учрашувда Қозоғистон раҳбари Россия Федерацияси республика учун асосий стратегик ҳамкор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлади. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 24,5 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг 9 ойи якунлари товар айирбошлаш ҳажми 5 фоизга ошганини кўрсатмоқда.
«Россия капиталининг мамлакатимизда бўлиши учун катта режалар бор. Мен давлат раҳбари сифатида ва ҳукумат бу мавжудликни доимий асосда таъминлаш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан, турган гап, ўзаро манфаатлар нуқтаи назаридан», — деди Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Қозоғистонга киритаётган сармоялари ҳам ўсиб бормоқда ва республика расмийлари бу сармояларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ўз иқтисодиётига имкон қадар кўпроқ жалб қилиш учун «қўлидан келган барча ишни қилади».
Учрашув якунида Путин ва Тўқаев Россия Федерацияси ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан декларацияни имзолади. Ҳужжатга кўра, ҳар икки давлат ўз халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини бундан буён ҳам сақлаб қолади, шунингдек, маданият ва санъат, таълим ва фан, туризм ва спорт соҳаларида алоқаларни чуқурлаштиради. Санитария-эпидемиологик осойишталик борасида ҳамкорлик кенгайтирилади. Бундан ташқари, мамлакатлар бизнес ҳамкорлиги, саноат кооперацияси ва транспорт салоҳиятини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш ниятида.