Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко Россия телевидениеси кўрсатувларидан бирида республика ҳақида берилган баёнотларга изоҳ берди. Мулозимнинг изоҳини «Хабар 24» ўз Телеграм-каналида эълон қилган.
«Бундай баёнотларга келсак, давлат раҳбари, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, бошқа раҳбарлар, жумладан, парламент палаталари спикерлари ҳам бу каби мулоҳазалар, баёнотлар ва турли сўзловчилар ҳақида бир неча бор гапирган. Фикримизча, улар, биринчидан, Россия Федерациясининг расмий позициясини акс эттирмайди, иккинчидан, Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги анъанавий яқин муносабатларга путур етказади», — деди Роман Василенко парламент мажлиси чоғида.
Шунингдек, у бундай баёнотлар «Россия Федерацияси расмийлари томонидан эътиборга олинишга лойиқ» эканини таъкидлади.
Kursiv Media хабарига кўра, журналистлар ТИВ Россиянинг Қозоғистондаги элчисига мавжуд вазият муносабати билан суҳбатга чақиришни режалаштиряптими, деб сўрашган. «Ҳозирда менда бундай маълумотлар йўқ. Мен ҳозиргина ўз позициямизни айтдим», — деб жавоб берди Василенко. Вазир ўринбосари, шунингдек, Қозоғистонда нацизмга дуч келмаганини, чунки у «мамлакатда йўқлигини» таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни «Владимир Соловьёв билан оқшом» кўрсатувида меҳмонлардан бири, сиёсатшунос Дмитрий Дробницкий Россия учун навбатдаги муаммо Қозоғистон эканини айтган эди. «У ерда ҳам ҳозир Украинадаги фашист жараёнлари бошланиши мумкин. Ва у ерда руслар жуда кўп ва ҳудудлар... афсуски, Семипалатинск у ерда ва бутун «Росатом»имиз учун ядро ёқилғиси ҳам ўша ерда», — деди у.
Россиялик экспертлар ва сиёсатчилар бир неча бор бундай провокацион баёнотларга йўл қўйишган. Масалан, 2020 йили Давлат Думаси депутати Вячеслав Никоновнинг «Қозоғистон ҳудуди Россиянинг катта туҳфасидир» деган сўзлари катта шов-шувга сабаб бўлганди.