МСК Тўқаевнинг президентлик сайловидаги ғалабаси ва унинг инаугурацияси санасини эълон қилди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловларининг якуний натижаларини сарҳисоб қилди, унга кўра, амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаев 81,31 фоиз овоз тўплаган. Бу ҳақда Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров брифингда маълум қилди.

Амалдаги президент учун жами 6 456 392 овоз берилган. Унинг энг яқин рақиби Жигули Даирабоэв 3,42% овоз тўплаган. Сайловчиларнинг 5,8 фоизи барчага қарши овоз берган. Сайловчиларнинг 69,44 фоизи иштирок этган.

Тўқаевнинг инаугурацияси 26 ноябрь куни бўлиб ўтади.

2019 йил 9 июнь куни бўлиб ўтган аввалги президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари 70,96 фоиз овоз тўплаган эди.

«Овоз бериш натижаларига кўра 80 фоиздан ортиқ овоз тўплаган Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ишончли ғалабаси фуқаролар томонидан ҳокимиятнинг амалга оширилаётган ва келгусида режалаштирилган ҳаракатларини юқори даражада қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди», — деб ёзди Қозоғисон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин ўзининг Telegram-каналида.

Унинг фикрича, ўтган сайловлар «бугунги кунда жамият ва ҳокимият мамлакат тараққиёти истиқболлари ҳақида умумий тушунчага эга эканини яна бир бор тасдиқлайди».

«Умуман олганда, катта сайлов циклининг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди, деб айтишимиз мумкин. Кейинги босқич парламент ва маслиҳат учун сайловлар бўлади», — дея тушунтирди Карин. Унинг сўзларига кўра, жамият ва ҳокимиятнинг бирлашувини кучайтириб, давлат институтларининг барқарор тизимини шакллантирган Қозоғистон «глобал турбулентликнинг оғир шароитида зарурий хавфсизлик ва барқарорлик захирасини қўлга киритмоқда».