Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ЕХҲТнинг президентлик сайловларига доир танқидига кескин жавоб қайтарди

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ)нинг республикадаги президентлик сайловларини кузатиш бўйича миссияси хулосаларини нохолис деб атади. Тегишли пресс-релиз 21 ноябрь куни вазирлик томонидан эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, кузатувчиларнинг баёноти, шунингдек, Қозоғистон томонидан ҳозиргача қўллаб-қувватланган ташкилотнинг муҳим институти сифатида ДИИҲБнинг самарадорлигини шубҳа остига қўяди.

Миссия ҳисоботида вазирлик «ЕХҲТ/ДИИҲБга хос бўлган бир қатор стереотипли ва нохолис хулосалар»ни, шунингдек, Қозоғистондаги «ички вазият ривожини идрок этишни мутлақо истамаслигини» аниқлаган.

«ЕХҲТ/ДИИҲБ кузатувчилар гуруҳи ва унинг раҳбарияти фаолиятида Қозоғистон президенти томонидан мамлакатни ўзгартириш, уни қонун устуворлигига асосланган илғор жамиятга айлантиришга қаратилган ислоҳотларга ишончсизлик билан қараши яққол намоён бўлди. Мазкур миссияси баёноти сайловни кузатган барча нуфузли халқаро ташкилотлар хулосаларига зид эканини, бу эса унинг бир томонлама нохолис ёндошувини кўрсатади», — дейилади ТИВ баёнотида.

«ЕХҲТ/ДИИҲБ баёноти ўз мазмунига кўра, Қозоғистон ҳукумати билан узоқ муддатли ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш истаги йўқлигидан далолат беради, бу шубҳасиз эътиборга олинади», — дея хулоса қилади вазирлик.

Олдинроқ ЕХҲТ кузатувчилари миссияси Қозоғистонда бўлиб ўтган президент сайловларида рақобат бўлмагани ҳақида хабар берганди. Миссия вакиллари овозларни санаб чиқиш пайтидаги қонунбузарликларга ҳам эътибор қаратган, республикада сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ўтказиш имконияти чеклангани ҳақида гапирган.

20 ноябрь куни Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда республикада сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 69,44 фоизи ёки 8 миллиондан ортиқ киши иштирок этди. Олий давлат лавозими учун олти нафар номзод кураш олиб борди. Республика МСК овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилди, унга кўра, амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаев 81,31 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.