Эронда ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаган икки машҳур актриса ҳибсга олинди

ХЕНГАМЕ ҒАЗИАНИ (ЧАПДА) ВА КАТАЮН РИАҲИ. ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАН ОЛИНГАН ФОТОСУРАТ

20 ноябрь куни Эронда икки машҳур актриса — Хенгаме Ғазиани (Hengameh Ghaziani) ва Катаюн Риаҳи (Katayoun Riahi) ҳибсга олинган. Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар берди.

Агентликнинг таъкидлашича, Ғазиани сўнгги кунларда бир неча бор тартибсизликларни қўллаб-қувватлаб ва мухолифат матбуоти билан алоқада бўлган.

Ўтган шанба куни Хенгаме Ғазиани Instagramда (Россия Федерациясида экстремист деб тан олинган Meta корпорациясига тегишли ижтимоий тармоқ) ўзининг ҳижобсиз акс этган видеосини жойлаштирган.

«Бу менинг охирги постим бўлиши мумкин. Бундан буён, агар менга бирор нарса бўлса, билингки, мен сўнгги нафасимгача Эрон халқи билан биргаман», — деб ёзади Ғазиани.

Tasnimга кўра, Катаюн Риаҳи сўнгги кунларда ёлғон маълумотларни чоп этиб, одамларни жунбушга келтираётганлардан бири бўлган. The Gardian нашрининг ёзишича, сентябрь ойида актриса Лондонда жойлашган ва Эрон расмийларига мухолифатда бўлган Iran International телеканалига ҳижобда бўлмаган ҳолда интервью берган. Риаҳи Маҳса Амини ўлимидан сўнг Эронни қамраб олган норозилик намойишлари билан бирдамлик билдирган ва мажбуран ҳижоб кийдиришларига қарши чиққан.

Маҳса Амини Курдистон вилоятида истиқомат қилувчи 22 ёшли қиз бўлган. У 13 сентябрь куни Теҳрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этган (Эронда барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Ҳибсга олинган гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблайди. Полиция Аминининг ўлими бахтсиз ҳодиса эканини таъкидлаган. 17 сентябрь куни қизнинг дафн маросимидан сўнг унинг туғилиб ўсган Сакез шаҳрида норозилик намойишлари бошланиб кетди ва кейинчалик Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалди.

Тартибсизликларни бостириш учун расмийлар ўқотар қуроллардан фойдаландилар. 19 ноябрь ҳолатига кўра, намойишларни бостиришда камида 410 киши, жумладан, 60 га яқин вояга етмаганлар ҳалок бўлган. 14 мингга яқин намойишчи ҳибсга олинган. Бир қатор ҳудудларда намойишчиларнинг бир-бирлари билан боғланиши ва ҳукуматга қарши намойишлар акс этган видео ва суратларни тарқатмасликлари учун интернет блокланган.