Хитой раҳбари Қозоғистон билан «абадий стратегик шериклик»нинг янги босқичини эълон қилди

akorda.kz сайти фотосурати

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда «абадий ҳар томонлама стратегик шерикликнинг янги босқичини очишга» тайёр эканини айтди. Бу ҳақда Хитой раҳбари Тўқаевнинг президентликка қайта сайлангани муносабати билан йўллаган табрик телеграммасида айтган.

«Сизнинг сайловдаги ғалабангиз қозоқ халқининг ишончи ва қўллаб-қувватлашини тўлиқ акс эттиради. Ишончим комилки, сизнинг аъло даражадаги раҳбарлигингиз остида мамлакатингиз барча ислоҳот ишларида янги муваффақиятларга эришади ва янги Қозоғистонни барпо этиш йўлидан олға боради», — деди Си Цзиньпин ва Хитой-Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият беришини қўшимча қилган.

20 ноябрь куни Қозоғистонда муддатидан илгари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда республика сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 69,44 фоизи ёки 8 миллиондан ортиқ киши иштирок этди. Олий давлат лавозими учун олти нафар номзод кураш олиб борди. Республика МСК овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилган, унга кўра, Қосим-Жомарт Тўқаев 81,31 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Сайловчиларнинг 5,8 фоизи ҳаммага қарши овоз берган, номзод Жигули Даирабоэв 3 фоиздан бир оз кўпроқ овоз тўплаган, қолган номзодлар бу тўсиқдан ўта олмаган.

Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини эълон қилишидан олдин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Қосим-Жомарт Тўқаевни ғалабаси билан табриклади.

Оқўрда сайтида Россия етакчиси Владимир Путиннинг табрикномаси ҳам жой олган.

«Давлат тараққиёти йўлида сиз белгилаган мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш учун ватандошлардан қатьий ишонч мандатини қўлга киритдингиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жуда муваффақиятли ривожланмоқда. Биз уларни яхшилаш учун биргаликда ишлашда давом этамиз», — дейилади телеграммада.