Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Хельга Мария Шмид (Helga Schmid) Ўзбекистон Сенати раҳбари Танзила Нарбаевани «аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича чемпион» деб атади.
«Ниҳоят сиз билан шахсан учрашганимдан жуда мамнунман, @TNarbaeva. Сиз аёллар имкониятларини кенгайтириш, мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашда ҳақиқий чемпионсиз», — деб ёзди Хельга Шмид Сенат раиси билан учрашувдан сўнг Twitterда.
Танзила Нарбаева ҳам ўз твитида танишувдан хурсандлигини билдирди. «Ўйлайманки, қўшма келишувларимиз жамиятни демократлаштириш даражасини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, гендер тенглиги тамойилларини илгари суриш каби муҳим йўналишларда ўз самарасини беради», — деб ёзади Сенат раҳбари.
ЕХҲТ Бош котиби 16 ноябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакат раҳбарияти билан учрашди, қатор тадбирларда нутқ сўзлади. Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» (Global Gateway) янги стратегияси доирасидаги Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликка бағишланган конференция, «Болаларнинг соғлом муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш» халқаро форуми, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» конференцияси шулар жумласидандир.
Бу Хельга Шмиднинг ЕХҲТ Бош котиби сифатида Ўзбекистонга илк ташрифидир. Нарбаевадан ташқари у «эски дўст» деб атаган Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ҳам учрашган ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган.
Учрашувларда эътибор қуйидаги масалаларга қаратилди:
➡️ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (жумладан, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш) соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш;
➡️ Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни давом эттириш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларида ЕХҲТ тузилмаларидан эксперт ёрдами;
➡️ республикада рақамлаштириш ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
➡️ Афғонистондаги ҳозирги вазият, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши.
«Ўзбекистон барқарорлик ва хавфсизлик манфаатлари йўлида минтақавий ҳамкорликда муҳим ўрин тутади», – деди Хельга Шмид.
ЕХҲТ Бош котибининг ташрифи 18 ноябрь куни якунланади.