Қозоғистоннинг Жетису вилояти ҳокимияти, агар фуқароларнинг кўпчилиги овоз беришса, Нурсултон Назарбоевнинг январь ойида бузиб ташланган ҳайкалини ўз ўрнига қайтаришдан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда вилоят ҳокими Бейбит Исабаев, Талдиқўрғон (ёдгорлик бузилган вилоят маъмурий маркази – таҳр.) аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар беради Orda.kz.
«Одамлар шаҳарда Назарбоев шарафига кўча бўлишини хоҳламаяптилар, аввалги номи – Тәуелсіздікни қайтариш керак. Назарбоев ҳайкали ўрнига эса Абай ҳайкали ўрнатилиши керак. Кўпчилик шуни кутмоқда», — деди фаол ва жамоат арбоби Ермек Эшмухамбетули йиғилишда.
Бейбит Исабоев, агар халқ хоҳласа, қарор кўпчилик фойдасига ҳал қилинади, деб жавоб берди. «Вилоят ва шаҳар жамоатчилик кенгашига таклиф киритинг. Одамлар хоҳласа, масала кўриб чиқилади», — деди у.
Толдиқўрғоннинг марказий майдонида Нурсултон Назарбоев ҳайкали 2016 йилда очилган, у давлат рамзлари хиёбонида жойлашган эди. Маълумотларга кўра, тўрт метрли ҳайкал бронзадан ясалган бўлиб, гранит пойдеворининг баландлиги 4,5 метрни ташкил қилган. Январь воқеалари пайтида ҳайкал вайрон қилинган.
2019 йил март ойида амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг инаугурация маросимидаги таклифидан сўнг вилоят марказида биринчи президент шарафига кўча пайдо бўлганди.