Қозоғистондаги бир қатор тадбиркорлар мамлакат ҳаётини яхшилаш учун ҳисса қўшишни истамаяпти. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олмаота шаҳрида жамоатчилик билан учрашуви чоғида айтиб ўтди, деб ёзади Tengrinews.kz.
«Мен доимо бадавлат ишбилармонларимизни ижтимоий соҳага сармоя киритишга, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқишга чақираман. Бунга жавобан, баъзида ноаниқ баҳоналарни эшитиш, уларнинг совуққонлигини, мамлакат ҳаётини яхшилашда фаол иштирок этиш истаги йўқлигини кўриш мумкин. Бу уларнинг мамлакат тақдири учун қайғурмаслиги, ижтимоий масъулиятга чақирувлар эса улар учун қуруқ ибора бўлиб қолаётганини билдиради. Бу каби позиция саволлар туғдиради. Биз эса бундан хулоса чиқарамиз», — деди Тўқаев.
Шу билан бирга, Президент бошқа давлатларнинг бадавлат кишилари нафақат ички муаммоларни ҳал этишда, балки ўзларининг бизнес алоқаларидан фойдаланган ҳолда миллий манфаатларни хорижда тарғиб этишга ҳам ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
11 январь куни, мамлакатдаги фожиали воқеалардан сўнг, тўғридан-тўғри Мажилисдаги нутқи чоғида Тўқаев «Қозоғистон халқи» жамоат ижтимоий жамғармаси ташкил этилишини эълон қилди, унга компаниялар ва тадбиркорлар мунтазам равишда ҳисса қўшишлари шарт бўлади. Жамғарма иш бошлаганидан бери у ерга миллиардлаб тенге маблағлар тушган.
Январь ойи охирида Тўқаев «Қозоғистон халқи» га маблағ ажратишдан бош тортган ишбилармонларни танқид қилганди. «Бу нима: очкўзликми, нигилизмми, бепарволикми ёки эътиборсизликми?» деди у ҳукмрон Amanat (у пайтлар — Nur Otan) партиясининг навбатдан ташқари 21-съездида сўзлаган нутқида. Шу билан бирга, президент давлат «ушбу саволга тўлиқ жавоб олиш учун тўлиқ ваколатларга эга» эканини таъкидлади.
Бугунги нутқида Тўқаев бўлажак президентлик сайловларига (овоз бериш 20 ноябрь куни бўлиб ўтади) ҳам тўхталиб, ватандошларни «фаол ватанпарварлик» кўрсатишга ва унда иштирок этишга чақирди. Шу билан бирга, Тўқаев президентни халқ маълум муддатга шартнома тузадиган «ёлланма менежер» деб атади.
«Фуқароларнинг ирода эркинлиги натижасида мамлакатдаги энг олий давлат лавозимини эгаллаган шахс аслида миллионлаб ватандошлар овози билан муҳрланган шартномани имзолайди», — деди Тўқаев. Шунинг учун, дея давом этди у, президентлик унчалик имтиёз эмас, балки улкан масъулиятдир. «Ушбу лавозимни эгаллаган ва эгалламоқчи бўлган ҳар бир шахс энг талабчан учта судя – халқ, тарих ва ўз виждони олдида жавоб беради», — деди давлат раҳбари.