17 октябрь куни Қозоғистон Олий суди фуқаролик фаоли Алнур Иляшевнинг республика Марказий сайлов комиссиясига (МСК) даъво аризаси асосида маъмурий ишни кўриб чиқишни бошлади, деб хабар беради «Азаттик» (РФда хорижий агент деб тан олинган «Озодлик» радиосининг қозоқ хизмати).
Иляшев амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг навбатдан ташқари президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатга олинишини бекор қилишни талаб қилди.
Фаол ўз шикоятида МСКнинг Тўқаевни Қозоғистон президентлигига номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорини «ноқонуний ва конституцияга зид, шунинг учун бекор қилиниши керак» деб атаган. Иляшев, шунингдек, МСК «Қозоғистонда муддатидан олдин сайловлар ўтказиш, фуқароларни сайланган лавозимларга шахсларни танлашда қонуний ва муносиб муқобилликдан маҳрум қилишнинг ёмон амалиётини қўллаб-қувватлаётганини» айтади.
Даъво аризаси Олий судга 14 октябрь куни берилган. Унда Иляшев манфаатдор томонлар сифатида Тоўқаев ва унинг маъмуриятини кўрсатган. Суд мажлиси бошланишидан аввал Олий судга президент маъмуриятидан жавоб келиб тушган, унда мазкур ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқиш сўралган. 17 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Алнур Иляшев судя Ирина Калашниковага бир қатор шахсларни, жумладан «Озодлик» журналистини суд мажлисига киритишдан бош тортгани муносабати билан эътироз билдирган, шундан сўнг суд шикояти кўриб чиқилгунга қадар танаффус эълон қилган.
Президент Тўқаев 1 сентябрь куни халққа мурожаатида навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилди. Овоз бериш жорий йилнинг 20 ноябрига белгиланган. 6 октябрь куни Тўқаевнинг номзоди расман илгари сурилган ва кейинроқ президентликка номзод сифатида рўйхатга олинган.