Қозоғистон парламенти «Қонли январь» иштирокчиларини амнистия қилишга доир қонун лойиҳасини кўриб чиқади

Олмаотадаги тартибсизликлар юз берган Республика майдони. Orda.kz Телеграм-каналидан фотосурат

12 октябрь, чоршанба куни Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) «Амнистия тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди, у қабул қилингандан сўнг январь воқеалари иштирокчилари озод қилинади, деб ёзади Vlast.kz.

Палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси ўринбосари Арман Қўжахметов амнистия фақат 4 январдан 7 январгача бўлган даврда жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилишини тушунтирди. Бундан ташқари, оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланаётган фуқаролар унинг таъсири остида бўлмайди.

Депутат мазкур қонун лойиҳаси фуқаролар ва давлат хавфсизлигига катта хавф туғдирмайдиган ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан «давлат ва жамият раҳм-шафқатли ва хайрихоҳ» эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Қўжахметов қўмита қонун лойиҳаси бўйича ўз фикрини аниқ қачон тақдим этишига аниқлик киритмади.

Январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва бу тартибсизликларга айланиб кетди. Намойиш иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришга уриниш бўлгани ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Тўполон натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.

1 сентябрь куни халққа мурожаат қиларкан, Тўқаев бузғунчилик иштирокчилари учун бир марталик амнистия эълон қилинганини маълум қилди. «Қонунни бузганларнинг баъзилари ўз айбларини тушуниб, ўтган қилмишларига пушаймон бўлишди. Менимча, уларга нисбатан кечиримли муносабатда бўлган маъқул», — деди у ва амнистия тартибсизликлар уюштирганлик, давлатга хиёнат қилиш ва ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштиришга уриниш бўйича асосий айбланувчиларга таъсир қилмаслигини айтди.

Республика Бош прокуратураси маълумотларига кўра, эълон қилинган амнистия 1,5 мингдан ортиқ кишини қамраб олиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ