2022 йил 11 октябрь куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) 20 ноябрга белгиланган муддатдан олдин сайловда республика президентлиги учун курашмоқчи бўлганлардан аризаларни қабул қилишни якунлади.
«Республика жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилган 12 нафар номзоднинг ҳужжатлари Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди», — деди МСК котиби Мухтор Ерман чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда.
▪ «Ауил» партиясидан Қозоғистон фермерлар уюшмаси раиси Жигули Даирабаев номзоди кўрсатилган.
▪ Амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг халқ коалицияси томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган.
▪ Кенг жамоатчилик деярли ҳеч нарса билмайдиган Нурлан Ауесбаев Умумхалқ социал-демократик партиясидан сайловга чиқади.
▪ Қозоғистон Касаба уюшмалари ҳамдўстлиги «Аманат» рўйхатдан ўтмаган Yntymaq партияси етакчиси ва «Замонавий жамиятни ўрганиш институти» директори Мейрам Кажикен номзодини илгари сурди.
▪ Профессионал ижтимоий ишчилар миллий альянси томонидан кўрсатилган аёл Каракат Абден Остона маслиҳати (шаҳар кенгаши) депутати, Нур Отан партияси аъзоси ҳисобланади.
▪ Талгат Ергалиев номзоди «Қозоғистон қурувчилар уюшмаси» юридик шахслар республика бирлашмаси томонидан кўрсатилган. У ҳали қозоқ тилини билиш учун имтиҳон топшириш тартибидан ўтмаган.
▪ Яна бир хоним Салтанат Турсинбекова «Қозоқ аналари – дастурге йўл» Республика жамоат бирлашмаси томонидан Президентликка номзод сифатида кўрсатилган.
▪ Собиқ депутат Нуржан Алтаев ҳам номзод сифатида ариза топширган.
▪ 70 ёшли Жуматай Алиев номзоди «Халқ демографияси» жамоат бирлашмаси томонидан кўрсатилган. Илгари у Қозоғистон халқи ассамблеясидан бешинчи чақириқ парламент Мажилиси депутати бўлган.
▪ 72 ёшли Хайрулла Габжалилов «Асар» Оролманлар уюшмаси томонидан номзод қилиб кўрсатилган.
▪ «Қозоғистон футбол мухлислари лигаси» жамоат бирлашмаси томонидан Бакит Жанабаев номзоди кўрсатилган.
▪ «Амалий психология» Республика жамоат бирлашмаси Фотима Бизакова номзодини илгари сурган.
Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари 2022 йил 20 ноябрга белгиланган. Янги қонунчиликка кўра, президент фақат бир марта етти йиллик муддатга сайланади. Қайта сайланиш тақиқланади.
Қайд этиш жоиз, ҳозирча хоҳловчиларнинг барчаси ҳам Қозоғистон Республикаси МСК томонидан президентликка расмий номзод сифатида рўйхатга олинмаган.