Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги республиканинг Украинадаги элчихонаси ходимларини тўлиқ эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».
«Элчихона ҳозир ишлаяпти. Эндиги гап элчихонани ёпишда эмас, гап элчихонамиз ходимларини эвакуация қилишда. Бу масала яқин кунларда ҳал қилинади. Эҳтимол эвакуация тўлиқ бўлади», — деди Смадияров Остонада журналистлар саволига жавоб бераркан.
Шу билан бирга, у дипломатлар қаерга эвакуация қилиниши ҳозирча маълум эмаслигини таъкидлади.
Смадияровнинг қўшимча қилишича, ҳозирда Украинада қанча Қозоғистон фуқароси борлиги ҳақидаги маълумотлар текширилмоқда.
«Сўнгги воқеалар туфайли бу кўрсаткич турлича. Кўриб турганингиздек, кеча Украинадаги элчихонамизда одамларга ёрдам бериш мақсадида хабар эълон қилинди. Биринчи эвакуация пайтида кўпчилик кетишганди, эҳтимол баъзилари қайтиб келишгандир, шунинг учун ҳозир аниқ рақам айта олмайман», — дея қўшимча қилди у.
Бир кун аввал Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси ўз фуқароларини имкон қадар Украина ҳудудини тарк этишга, мамлакатда бўлганларни эса хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирган эди.
10 октябрь куни Россия Украинадаги инфратузилмаларга қарши узоқ масофали қуроллардан зарбалар берди. Украинанинг кўплаб шаҳарларида, жумладан, Қозоғистон элчихонаси жойлашган Киевда портлашлар содир бўлди. 11 октябрь куни маҳаллий ОАВ ва Телеграм каналлари мамлакат бўйлаб янги ракета учирилгани ҳақида хабарлар берди. Ҳаво мудофааси Киев, Одесса, Николаев вилоятларида ишламоқда.
Хмелницкий вилоятида, маҳаллий маъмурият маълумотларига кўра, Shahed-136 камикадзе-дрони уриб туширилган.