Қозоғистонда Тўқаевни қўллаб-қувватловчи коалиция тузилмоқда

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда бўлажак президентлик сайловларида президент Қосим-Жомарт Тўқаевни қўллаб-қувватловчи халқ коалицияси тузилмоқда. Бу ҳақда ҳукмрон Amanat партиясининг навбатдан ташқари қурултойида унинг раиси Ерлан Кошанов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Бугун биз стратегик танлов қилдик ва биз Тўқаев атрофида бирлашишимиз ва биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Албатта, бошқа партиялар, сиёсий уюшмалар ҳам бор, улар ҳам Тўқаев номзодини илгари сурмоқда. Шунинг учун биз ушбу сиёсий уюшмалар билан бирлашдик ва Тўқаевни қўллаб-қувватловчи халқ коалициясини тузиш бўйича келишувга эришдик», — деди Кошанов.

Шунингдек, у бугун Остонада Қозоғистон раҳбари иштирокида катта форум бўлиб ўтишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Amanat навбатдан ташқари конгрессда Тўқаев номзодини президентликка илгари сургани хабар қилинганди. Бу қарор қурултойнинг барча делегатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди, унда Тўқаев «халқимиз учун энг оғир даврда тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олган, давлатчиликни сақлаб қолган, мамлакатни тартибсизликка тушиб қолишининг олдини олган етакчи» деб номланди.

Шу билан бирга, Тўқаев номзодини кўрсатиш қарорини Қозоғистон Халқ партияси ҳам қабул қилган. ҚХПнинг навбатдан ташқари қурултойи делегатлари ҳам унинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлаганлар.

«Менимча, геосиёсий таназзул шароитида, бутун дунё қарама-қаршилик блокларига айланиб бораётган бир пайтда мамлакатимизга давлат бошқаруви ва халқаро сиёсатда катта тажрибага эга инсон керак. Бутун умри давомида ўзини ҳеч қаерда кўрсатмаган баъзи ҳаваскорлар ва демагоглар эмас, балки мамлакат тараққиётини аниқ тасаввур қиладиган сиёсатчи керак», — деди партия раиси Ермухамет Ертисбаев.

Токаевнинг ўзи бир кун аввал президентлик сайловларига бир партиядан эмас, ижтимоий-сиёсий кучларнинг кенг коалициясидан боришини маълум қилганди.

Orda.kz ўзининг Telegram-каналида ушбу коалицияга Amanat ва ҚХПдан ташқари Қозоғистон Фуқаролик Альянси, Миллий кўнгиллилар тармоғи, «Қозоғистон Маслиҳатлари депутатлари ассоциацияси», «Фахрийлар ташкилоти», «Qazaqstan Team» ва амалдаги президентни қўллаб қувватлаган Қозоғистон спортчилари иттифоқи кириши мумкинлигини ёзган.

Уларга «Ақ Жол» партияси ҳам қўшилиши мумкин, унинг раисига кўра, партия ўз мустақил номзодини кўрсатмайди.

Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилиши Тўқаевнинг 1 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаатидан маълум бўлди. Овоз бериш жорий йилнинг 20 ноябрига белгиланган. Шу кунгача республика жамоат бирлашмалари Тўқаевдан ташқари яна 3 нафар президентликка номзодни илгари сурди. Булар «Ауил» партиясидан Жигули Даирабаев, ОСДПдан Нурлан Ауесбаев ва «Аманат» касаба уюшмалари ҳамдўстлигидан Мейрам Кажикендир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ