Назарбоевнинг укаси Олмаотадаги энг йирик улгуржи савдо бозоридан маҳрум бўлди

orda.kz cайти фотосурати

Олмаотанинг энг йирик улгуржи бозори бўлган «Барис-4» нинг хусусийлаштирилиши ноқонуний деб топилганидан сўнг давлатга қайтарилди, деб хабар беради inbusiness.kz.

Шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро хўжалик суди прокуратуранинг бозор раҳбарига нисбатан даъво аризасини қаноатлантириб, «Найза-БН» МЧЖ устав капиталидаги давлат улуши олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топди. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, «Найза-БН» МЧЖ таъсисчиларидан бири собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоевдир. У бозор улушининг 65 фоизига эгалик қилган.

Прокурор томонидан судга даъво қўзғатишга «ваколатли давлат органи томонидан юридик шахснинг устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштиришда қонунга хилоф имтиёзлар берилгани» асос бўлган. Суд муҳокамасида даъво аризасида келтирилган важлар ўз тасдиғини топган.

Ваколатли орган вакили объектни хусусийлаштириш давлат манфаатларига зарар етказган ҳолда кам харажат эвазига амалга оширилганлигига розилик билдирган ҳолда даъволарни тан олди. Бозор бир ярим миллиард (3 миллион доллардан ортиқ) деб баҳоланган ва у атиги 307 миллион тенгега (644 минг доллар) сотилган.

Суд қарори ҳали кучга кирмаган.

​Orda.kz эслаганидек, аввалроқ Олмаота улгуржи бозоридаги сотувчилар монополиядан шикоят қилишган. Жорий йилнинг июль ойида иқтисодий ресурсларнинг ноқонуний концентрациясига қарши кураш комиссияси бозорни давлатга қайтаришини маълум қилган.

Қайд этиш жоиз, Болат Назарбоев тузилмаларига қарашли яна бир йирик улгуржи бозор «Олтин Ўрда» устидан назорат ўрнатиладиган бўлди. Ўтган йил баҳорида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «у ерда тартиб ўрнатиш» ҳақида кўрсатма берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ