Қозоғистон президентлигига биринчи номзод «Ауил» партияси вакили Жигули Дайрабаев бўлди

Жигули Дайрабаев. tengrinews.kz сайти фотосурати

Президентликка номзод этиб «Ауил» партиясидан Жигули Дайрабаевнинг номи илгари сурилди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри. Тегишли қарор сиёсий бирлашманинг навбатдан ташқари ХХ қурултойида қабул қилинган.

«Юзингизни ерга қаратмайман, азиз партиядошларим. Мен бор кучимни Қозоғистон ва агросаноат мажмуасини ривожлантиришга сарфлайман», — деди Даирабаев.

«Биз қишлоқ хўжалиги давлатимиз. Бизнинг биринчи вазифамиз озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал қилишдир. Албатта, кўп ваъда бермайман, буни вақт кўрсатади. Фурсат беринг. Тўғриси, партиядан номзодим кўрсатилишини кутмагандим. Шунинг учун диққатимизни жамлаймиз, сайловолди ташвиқотини қандай олиб боришни режалаштирамиз. Шунингдек, биз маслаҳатлашамиз, режалар ва платформалар тайёрлаймиз», — деди сиёсатчи журналистларнинг саволларига жавоб бераркан.

Қозоғистон Фермерлар уюшмаси сайтидаги маълумотларга кўра, президентликка номзод 68 ёшда. Оилали, уч фарзанди ва етти набираси бор.

Дайрабаев Олмаотадаги Қозоғистон қишлоқ хўжалиги институтини агроном мутахассислиги бўйича, шунингдек, Агросаноат мажмуаси олий мактабини тамомлаган. 2015 йил октябридан 2019 йил декабрига қадар Қозоғистон фермерлар иттифоқининг Жамбил вилояти бўлими раиси лавозимида ишлаган.

2022 йили Жигули Дайрабаев «Атамекен» Тадбиркорлар миллий палатаси Президиумининг Агросаноат мажмуаси қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Шунингдек, у Қозоғистон фермерлар уюшмаси раиси, Жамбил вилояти Турар Рисқулов номидаги туман фахрий фуқароси ҳисобланади.

Амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев 1 сентябрь куни халққа мурожаатида Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилди. Кейинроқ овоз бериш 20 ноябрь куни бўлиб ўтиши маълум бўлди. Жигули Дайрабаев ҳозирча олий давлат лавозимига расман кўрсатилган биринчи номзод ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ