Қозоғистон Луганск Халқ Республикаси (ЛХР), Донецк Халқ Республикаси (ДХР), Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия таркибига қўшилиши бўйича ўтказилган референдумларни тан олмайди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) маълум қилди, дея хабар беради КазТАГ.
«Ўзини ўзи мустаыил деб эълон қилган ЛХР ва ДХР давлатлари ҳамда Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳарбий маъмуриятларининг Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказишига келсак, Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, уларнинг суверен тенглиги ва тинч-тотув яшаши тамойилларидан келиб чиқади», — дейилади хабарда. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқига ишора қилиб, бу дунё умумжаҳон ташкилоти Низомига асосланган халқаро ҳуқуқ тамойилига қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади. Низомда БМТга аъзо давлатларнинг тинчликни сақлаш ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш масъулияти ҳақида сўз боради.
«Биз яна бир бор сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигимизни тасдиқлаймиз. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳам минтақавий, ҳам жаҳон миқёсида барқарорликни сақлашни энг муҳим вазифа, деб билади», — дейилади хабарда.
23-27 сентябрь кунлари ЛХР, ДХР, шунингдек Россия армияси назоратидаги Запорожье ва Херсон вилоятларида Россия таркибига қўшилиш бўйича референдумлар ўтказилмоқда.
Шу йилнинг 22 февралида Россия Федерацияси ЛХР ва ДХРни расман тан олди. Икки кундан кейин Россия армияси Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни (МҲО) бошлади. МҲО даврида Херсон ва Запорожье вилоятлари қисман рус қўшинлари томонидан ишғол қилинган, шундан сўнг у ерда янги россияпараст ҳокимиятлар тайинланган.
Шу йилнинг июнь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 25 Петербург иқтисодий форумида сўзлаган нутқида Остона Донецк ва Луганск халқ республикаларини «квазидавлат ҳудудлари» деб билишини ва уларни тан олмаслигини айтган эди.
Шуни қўшимча қилиш лозим, 23 сентябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг расмий вакили Иброҳим Қалин Туркия ЛХР, ДХР ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилган референдум натижаларини тан олмаслигини маълум қилганди. 26 сентябрь куни эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен CBS телеканалига берган интервьюсида бу ҳудудлардаги референдум натижалари «ҳеч қачон тан олинмаслигини» айтди. Блинкен Қўшма Штатлар Украинага ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солаётганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Россияга босим ўтказиш учун бошқа давлатларни ҳам жипслаштиришга ҳаракат қилмоқда.