Тўқаев Қозоғистон ва АҚШ ўртасида стратегик шериклик кенгайганини таъкидлади

www.akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги стратегик иқтисодий шериклик барча соҳаларда диверсификация қилинади ва кенгаяди. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев америкалик инвесторлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради Оқорда сайти.

Тадбирда Американинг энг йирик Chevron, ExxonMobil, Shell USA, Boeing, Philip Morris, Procter & Gamble, PepsiCo, MasterCard, Citi, Private Equity Fund RCF, Microsoft, Amazon, Pfizer, Medtronic, Netflix компаниялари раҳбарлари ва бошқалар иштирок этди.

«Менинг жамоам инвестицияларни жорий этиш, компанияларингиз учун минтақанинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларидан бирида бизнес юритишини осонлаштириш бўйича катта тажрибага эга. Умид қиламанки, бугунги учрашув савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашда амалий қадам бўлиб хизмат қилади», — деди Тўқаев.

У мазкур форматдаги учрашув яхши анъанага айланганини таъкидлаб, ушбу тадбирни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун АҚШ Савдо-саноат палатаси ва Ишбилармонлар кенгаши аъзоларига миннатдорлик билдирди.

Қозоғистон раҳбари ўз нутқида Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил тўхталиб, республикада Американинг янги йирик корхоналари пайдо бўлганини олқишлади.

Тўқаев бир кун аввал Нью-Йоркка амалий ташриф билан келган эди. У аллақачон JPMorgan Chase & Co., Citi, Goldman Sachs, NASDAQ ва бошқа глобал молия институтлари раҳбарлари билан ишчи нонушта форматида учрашган. Улар билан суҳбатда Қозоғистон президенти «Самрук-Казина» миллий бойлик жамғармаси билан ҳамкорлик истиқболларига тўхталди.

Бугун, 20 сентябрь куни Тўқаев БМТ Бош Ассамблеяси Умумий мунозараларида нутқ сўзлайди ва ушбу ташкилот бош котиби билан учрашади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ