Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси халқаро инвесторлар пули (уюшма) томонидан амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда «Самрук-Казина» миллий холдинги бошқаруви раиси Алмасадам Саткалиев маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».
«Умуман олганда, ҳукумат ва «Самрук-Казина» ушбу лойиҳани имкон қадар барча энг яхши технологияларни ҳисобга олган ҳолда халқаро инвесторлар пули амалга ошириши керак, деган фикрга келди», — деди у 15 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда.
Саткалиевнинг тушунтиришича, Кореянинг KHNP, Хитойнинг CNNC, Россиянинг «Росатом» ва Франциянинг EDF компаниялари таклифлари кўриб чиқилмоқда.
«Ускуналарни ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан, асосий етказиб берувчилар, албатта General Electric, CNNC ва Кореянинг KHNP компанияси бўлади. Катта эҳтимол билан бу уч компаниядан бирининг ускуналари АЭС қурилишида қўлланилади», — деди Саткалиев .
«Қурилиш устидан техник назорат бўйича биз энг самарали тажрибани француз компанияларининг йирик лойиҳаларни амалга оширишда самарали ва жуда юқори даражадаги ваколатларга эга эканлигини кўрамиз. (...) Якуний қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади. Айтганимдек, қарор қабул қилишда унинг манфий ва мусбат томонлар ҳисобга олинади», — дея қўшимча қилди у.
Қозоғистонда бир неча йиллардан бери атом электр станцияси қурилиши муҳокама қилинмоқда. У Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғи яқинида (мамлакат жануби-шарқида) қад ростлаши аллақачон маълум. Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, қурилиш 10 йилгача давом этиши мумкин.