Қозоғистон Конституциявий кенгаши бир марталик етти йиллик президентлик муддати ва пойтахт номини ўзгартиришни назарда тутувчи тузатишларни мамлакат асосий қонунига мувофиқ деб тан олди. Тегишли хулоса 14 сентябрь куни унинг сайтида эълон қилинди.
Кенгашнинг фикрича, бир марталик етти йиллик президентлик мандати тўғрисидаги таклиф «жорий йил 5 июнида республика референдумида қабул қилинган ва у давлат ҳокимияти монополиясининг олдини олишга қаратилган конституциявий моддалар мантиғига тўғри келади». Бу муддат олий мансабдор шахс лавозимига сайланган барча шахсларга бирдек татбиқ этилади. Конституциявий суд судяларининг бир марталик саккиз йиллик ваколат муддати белгиланишини ҳам қонунга мос келади деб билади.
Ўз навбатида, Конституциянинг 2-моддасига киритилган ўзгартиришлар (пойтахт номини ўзгартириш билан боғлиқ – таҳр. эслатмаси) Асосий қонуннинг 91-моддаси 2-бандида мустаҳкамланган конституциявий қадриятларнинг мазмун-моҳиятига дахл қилмайди.
1 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халққа мурожаатида жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловлари, 2023 йилнинг биринчи ярмида эса парламент ва маслаҳатлар (маҳаллий вакиллик органлари)га навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини маълум қилди. Давлат раҳбари, шунингдек, президент ваколатларини ҳозирги беш йилдан икки марта эмас, балки бир марта етти йиллик муддат билан чеклашни таклиф қилди. У сайловдан сўнг тегишли ташаббусни парламент кўриб чиқиши учун киритишини билдирди. Бироқ, бир қатор депутатлар янги регламент бўйича давлат раҳбари сайловини зудлик билан ўтказиш ва президентни етти йилга сайлаш тарафдори бўлишди. Бу, хусусан, Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) раиси Маулен ва Мажилис (парламент қуйи палатаси) спикери Ерлан Кошанов Ашимбаевшу ҳақда гапирганди.
Шу билан бирга, бир гуруҳ парламент депутатлари 2019 йил баҳорида биринчи президент Нурсултон Назарбоев шарафига ўзгартирилган мамлакат пойтахти – Остона шаҳрининг аввалги номини қайтариш ташаббуси билан чиқишди.
Етти йиллик муддат ва пойтахтни аввалги номига ўзгартириш ҳақидаги ташаббуслар «Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига киритилганди ва буни Тўқаев Конституциявий кенгашдан текширишни сўраганди.