Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Россия кинокомпаниялари билан тўртта меморандум ва ўнта қўшма кинолойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзолаш режалаштирилганини маълум қилди.
Кино агентлиги Россиянинг «Роскино», «Лендок», Mars Media и «Ленфильм» киностудиялари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолайди, улар ўз навбатида «Инферно» студияси билан ҳамкорликда бўлади.
Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, биринчи меморандум Инна Шалито раҳбарлигидаги «Роскино» билан имзоланади.
«Биз мазкур ташкилот билан ўтган йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, «Роскино» киностудияси ХIII кинофестивалда ҳамкоримиз бўлди, энди эса узоқ муддатли ҳамкорлик меморандумини имзолаш учун келишиб олдик», – дейди Абдухолиқов.
Кинематография агентлиги ва «Лендок»нинг қўшма лойиҳаси Санкт-Петербургда жойлашган масжид ҳақида «Масжид» фильмини яратиш билан боғлиқ. «Бу Санкт-Петербургдаги амирлар Саид Абдулаҳадхон ва Сайид Олимхон меросини турли одамлар ва уларнинг гувоҳликлари орқали ўрганиш ва кўришга уринишдир. Булар Россиянинг шимолий пойтахти ва Бухорони абадий боғлаган инсонлар ва биз бу алоқани томошабинга очиб бермоқчимиз», — деди Агентлик директори.
Кинофестиваль давомида лойиҳа тақдимотини «Лендок» директори Алексей Тельнов ўтказади.
Кинофестиваль доирасида имзоланадиган яна бир ҳужжат бу уч ҳамкор – Кинематография агентлиги, «Ленфильм» киностудияси ва «Инферно» студияси ўртасида ҳамкорлик қилиш ва «Истак босқичлари» қўшма бадиий фильмини яратиш бўйича меморандум бўлади.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади.