Владимир Норов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири этиб тасдиқланди

ВЛАДИМИР НОРОВ. ЎЗБЕКИСТОН ТИВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Владимир Норов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Норов жорий йил апрель ойи охирида ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. У вазир сифатида Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича ўринбосари этиб тайинланган Абдулазиз Комилов ўрнини эгаллади. Июнь ойида Комиловга президентнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилганди.

Владимир Норов 1955 йил 31 августда Бухорода туғилган. 1976 йили Бухоро педагогика институтининг математика факультетини тамомлаган, сўнг ҳарбий хизматни ўтаган. Хизматдан қайтгач, жиноят қидирув бўлимида ишлай бошлаган. 1985 йили СССР Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги академиясини, 1990 йили Академия аспирантурасини тамомлаган. Юридик фанлари номзоди.

1995 йили Ташқи ишлар вазирлигига кўчиб ўтади. Фавқулодда ва Мухтор Элчи дипломатик даражасига эга. Германия, Швейцария, Польша, Бельгия, Бенилюкс давлатлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОда Ўзбекистондан вакил бўлган. 2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача ШҲТ Бош котиби, сўнгра Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Инглиз, немис ва рус тилларида гапиради. Уйланган, учта фарзанди бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ