Тошкент кинофестивали доирасида бўлиб ўтадиган Қозоғистон киноси кунлари «Паралимпиячи» фильми билан очилади

"Паралимпиячи" фильмидан фрагмент. kinopoisk сайти фотосурати

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтадиган Қозоғистон киноси кунлари 2022 йилда суратга олинган «Паралимпиячи» бадиий фильми билан очилади.

Фильм 13 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида томошабинларга намойиш этилади.

Режиссёр Алдияр Байроқимов томонидан суратга олинган «Паралимпиячи» фильмининг сюжети Олимпиада олтинини орзу қилган чанғичи Мақсатнинг автоҳалокатга учраб, оёғидан айрилгани ҳақида ҳикоя қилади. Узоқ давом этган ички изтироблардан сўнг Мақсат спортга қайтишга қарор қилади.

Фильм премеераси 21 апрел куни бўлиб ўтган.

Таъкидлаш жоиз, 2018 йили Паралимпия ўйинларида ҳам худди шундай тақдирни бошдан кечирган қозоғистонлик чанғичи Александр Колядин мусобақанинг олтин медалини қўлга киритган эди.

Шунингдек, кинофестивалда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар кинофильмлари намойиши доирасида Қозоғистон 2020 йилги «Олов» фильмини тақдим этади. Намойиш Ҳамза номидаги Қўқон мусиқали драма театрида бўлиб ўтади.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ