Самарқандда Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиши жараёни бошланади

АНДРЕЙ КУДРЯШОВ ФОТОСУРАТИ, "ФАРҒОНА" АА

Самарқандда бўлиб ўтадиган ташкилот саммитида Беларуснинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиши жараёни бошланади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот котиби Мария Захарова маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

«[Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасида] бир қатор истиқболли қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, Беларусни ШҲТга қабул қилиш тартибини бошлаш кутилмоқда», — деди у.

Захарованинг таъкидлашича, саммитда ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Эроннинг мажбуриятлари бўйича меморандум имзоланиши ҳам режалаштирилган, бу эса Теҳронга ташкилотнинг таъсис ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига қўшилиш имконини беради. Бундан ташқари, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони учун мулоқот бўйича шериклар мақомини расмийлаштириш бўйича меморандумлар тайёрланган, Баҳрайн, Малдив ороллари ва бошқа бир қатор давлатларга мулоқот бўйича шерик бўлиш жараёни бошланади.

15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ШҲТ саммити бўлиб ўтади. Ҳозирда ташкилотга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. Бундан ташқари, яқинда бир қатор давлатлар ШҲТга кириш истагини билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ