8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Саммитнинг очилишида Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзини ўқиб эшиттирди. Унда бундай форматдаги учрашув Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани таъкидланган.
«Буни мамлакатимизда, жумладан, парламентаризм ва гендер сиёсатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи деб биламиз», — дейилади жумладан давлат раҳбарининг мурожаатида.
Саммит 8-9 сентябр кунлари Tashkent City Congress Hall да бўлиб ўтади. Унда БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ), МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, 17 давлат парламентларидан 120 дан ортиқ вакиллар иштирок этмоқда, деб хабар беради Dunyo.
Форум мавзуси «Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада таъминлаш йўлида хавфларни олдиндан кўра билиш» деб аталади.
Иштирокчилар «пандемия келтириб чиқарган инқироз жараёнларида гендер тенглигини таъминлаш, барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлаш, иқтисодиётни тиклашда хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш каби соҳаларда парламентларнинг устувор вазифалари ва аниқ ҳаракат йўналишлари»ни муҳокама қиладилар.
Парламентлараро иттифоқ (Inter-Parliamentary Union) 1889 йили ташкил топган. У дунё мамлакатлари парламентлари фаолиятини мувофиқлаштиришга хизмат қилувчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Унга 178 та давлат киради. Умуман олганда, дунёда 190 та парламент мавжуд бўлиб, улардан 79 таси икки палатали.
Аёллар парламент ёки палаталардан бири умумий сонининг атиги 23 фоизини ташкил қилади – бундай етакчилар сони 63 нафарни ташкил этади, улар орасида Ўзбекистон Сенати спикери Танзила Нарбаева, Туркманистон парламенти раиси Гулшат Маммедова, Россия Федерацияси Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси, Бундестаг (Германия) раиси Бербел Басс ва бошқалар бор.