Россиялик режиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида «Хўжа Насриддин» ва «Қирқ-Қиз» лойиҳаларини тақдим этади.
«Хўжа Насриддин» лойиҳасида Бекмамбетов продюсер сифатида иштирок этади. Ўтган йили Қозоғистон ва Ўзбекистонда лойиҳани амалга ошириш йўлга қўйилганди. Мултфильм Бекмамбетовнинг дебют театр спектакли – Москва халқлар театрида саҳналаштирилган «Хўжа Насриддин» қўғирчоқ спектакли сюжети асосида яратилган. Мультфильм намойиши 2024 йилнинг баҳорига мўлжалланган.
«Марказий Осиё давлатларида Хўжа Насриддинни ардоқлашади, севишади ва унинг ватани шу ерда эканига ишонишади, – дейди лойиҳа ҳақида Бекмамбетов.
Шунингдек, россиялик режиссёр «Қирқ-қиз» тўлиқ метражли фильмининг тақдимотини ўтказишни режалаштирилган.
«Қирқ қиз» — қорақалпоқ достони бўлиб, бахши Қурбонбой Тожибоев ижросидан ёзиб олинлган. «Қирқ-қиз»да қаҳрамон қиз Гулойим ва унинг қирқ нафар дугонаси, жангчи аёлар, шунингдек унинг суюкли ёри Арслон қалмоқ хони Суртайший ва Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ қўшинларига қарши жанг қилади. Хоразмни озод қилган Гулойим ва Арслон ўлкада яшовчи тўрт миллат: қорақалпоқлар, туркманлар, ўзбеклар ва қозоқлар вакилларидан иборат ҳукумат тузадилар.
Тимур Бекмамбетов — россиялик кинорежиссёр, сценарийчи, продюсер ва клип режиссёри. Bazelevs кинокомпанияси асосчиси. У 1961 йили Гуревда (ҳозирги Атирау, Қозоғистон) туғилган. 1987 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини театр ва кино рассоми мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин у Москвага кўчиб ўтади ва у эрда биринчи марта реклама роликларини суратга олади ва бир мунча вақт ўтгач, тўлиқ метражли фильмлар ярата бошлади. «Тунги назорат» ва «Кундузги назорат» ленталари унга машҳурлик келтирди. 2005 йили Бекмамбетов Голливудга таклиф қилинди, у Fox кинокомпанияларининг бир қатор лойиҳаларида иштирок этмоқда.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.