Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати биринчи президентнинг жияни Қайрат Сатибалдининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалди ва унинг ишончли вакилларини шахсни ўғирлаш ва ноқонуний қамоққа олиш ҳолатларига алоқадорликда гумон қилиб, тергов қилмоқда. Бу ҳақда бошқарманинг Telegram-канали хабар берди.
Тергов тафсилотлари келтирилмаган, бироқ хабарда айтилишича, гумонланувчилар қатор корхоналарнинг улушлари ва мол-мулкини ноқонуний тортиб олишга алоқадорликлари ҳам текширилмоқда. Бу ҳолатлар бўйича жабрланувчиларга етказилган жами зарар 6,6 миллиард тенгени (тахминан 14 миллион доллар) ташкил этади.
Яна бир ҳолатда, Сатибалди ўзи назорат қилаётган «Ария-Жана Астана» МЧЖ раҳбарияти ва мансабдор шахслари билан биргаликда турли объектлар қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда.
«Бир қанча объектларда амалда бажарилмаган қурилиш-монтаж ишлари учун ҳақ тўланиши натижасида давлатга жами 3,9 миллиард тенге (8,2 миллион доллар) миқдорида зарар етказилди», — дейилади хабарда.
Тергов босқичида кўрилган чоралар барча зарарни қоплаш имконини берди, дейди «Антикор»дагилар.
Гулмира Сатибалди собиқ турмуш ўртоғи Қайрат билан бирга март ойи ўрталарида ҳибсга олинган эди. Уларни ҳибсда ушлаб туриш муддати бир неча бор узайтирилган. Кейин аёл қарийб 750 миллион тенге (1,6 миллион доллар) бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинаётгани маълум бўлди, бироқ тергов жараёнида бу миқдор бир неча баробар ортган.