Ўзбекистон Кинематография агентлигининг кичик залида «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Кинематография агентлиги директори ва XIV Тошкент халқаро кинофестивали бош директори Фирдавс Абдухолиқов, агентлик қошидаги «Ёшлик» ёшлар студияси раҳбари Анвар Мадраимов, агентлик халқаро бўлими мутахассиси Ғофур Мусаев, Ўзбекистон Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Маъруф Мухторов, «Ўзбекфильм» киноконцерни директори Баҳодир Одилов, Ўзбекистон киноижодкорлари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчанов, кинофонд директори Элжон Аббосов ва ВГИКнинг Тошкентдаги филиали директори Элдор Йўлдошев сўзга чиқишди.
Маърузачилар табрик сўзларида бўлажак тадбирнинг муҳимлигини таъкидлаб, келгусидаги режалар билан ўртоқлашдилар, амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритдилар. Шундай қилиб, Фирдавс Абдухолиқов мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Кинематографлар уйи ва Кинематография музейи қайта тиклангани, шунингдек, МДҲ мамлакатларидаги энг йирик прокат экрани ўрнатилгани, яқин орада ноёб панорамали павильон тақдимоти бўлишини гапириб ўтди.
«Ҳар бир кинофестиваль янги объектлар, кино жойлари ва ютуқларнинг кашф этилиши байрами ҳамдир. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда кинематографияни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Бу йил меҳмонларга Кинематографлар уйи негизида ташкил этилган Марказий Осиёдаги илк кинокластер тақдим этилади. МДҲ мамлакатларидаги энг катта DCP экран асосий залда жойлашган. Шунингдек, «Ўзбекфильм» киноконцерни ҳудудида қурилган энг янги ноёб панорамали павильон ҳам тақдим этилади. Павильон Stagecraft технологиясидан фойдаланган ҳолда энг юқори замонавий бадиий ва технологик савияда фильмлар суратга олиш имконини беради», — деди Абдухолиқов.
Ташкилотчилар кинофестиваль дастури, тадбир иштирокчилари ҳақида гапириб, ўзбек киноси фахрийларини алоҳида қутлашди. Кинофестивалда намойиш этиладиган фильмлар кадрлари акс эттирилган видеофильмлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, ёш авлодни кинематография ривожига кенг жалб этиш муҳимлиги қайд этилди. Фестивал доирасида хориждаги театр олий ўқув юртлари талабалари иштирокида «Кино беш кунда» танлови ўтказилади. Кинофестивалнинг ўқув блокида дунёнинг турли бурчакларидан келган 40 нафар маърузачи иштирок этади. ВГИК филиали Очиқ эшиклар кунини ўтказади. Университетга ўқишга қабул қилинган 280 нафар абитуриентнинг талабаликка кириш маросими ва тантанали гала-концерт бўлиб ўтади.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.