Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) раиси Маулен Ашимбаев республика раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг бир марталик етти йиллик президентлик муддатини жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
«Бу мамлакатимизда сиёсий рақобатни ривожлантириш имконини беради ва биз мувозанатли рақобатбардош демократик сиёсий тизим шакллантириш йўлида жиддий қадам ташлаган бўламиз», — деди Ашимбаев.
Унинг сўзларига кўра, бу норма Қозоғистонда ҳокимиятнинг бир шахс қўлида жамланишини янада чеклайди. «Сайловолди дастурни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолига берилган ваъдаларни бажариш, мамлакат учун бир қанча йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун етти йил етарли вақт. Бу норма Қозоғистондаги сиёсий ислоҳотлар дастурининг бир қисмидир. Бу ҳокимиятни монополиядан чиқариш йўлида яна бир муҳим қадам ташлаш имконини беради», — деб тушунтирди Сенат спикери.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон халқига сўнгги Мурожаатномасида жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловларини, 2023 йилнинг биринчи ярмида эса парламент сайловларини ўтказишни таклиф қилди. Давлат раҳбари, шунингдек, президент ваколатларини ҳозирги икки марта беш йилдан сайланиш эмас, балки бир марта етти йиллик муддат билан чекланишни таклиф қилди.
У сайловдан сўнг тегишли ташаббусни парламент кўриб чиқиши учун киритишини билдирди.
Айни пайтда Ашимбаев журналистлар билан суҳбатда Конституцияга тегишли ўзгартиришлар ҳозирданоқ киритилиши мумкинлигини, шундан сўнг президент етти йиллик муддатга сайланишини таъкидлади.
«Бир якунга келиш учун парламент депутатлари ушбу сайловларни янги норма бўйича ўтказиш, президентни 7 йиллик муддатга сайлаш ташаббусини кўтармоқда», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради Tengrinews.kz. Бир кун аввал парламент қуйи палатаси спикери Ерлан Кошанов ҳам худди шу ҳақда гапириб, бу «унинг шахсий фикри экани, кўпчилик депутат ҳамкасблари уни қўллаб-қувватлашини» таъкидлаганди.