Қозоғистонда визанинг янги турлари пайдо бўлади, деб хабар беради Республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати.
Миграция сиёсатининг янги концепцияси доирасида танқис касблар бўйича 100 нафар энг яхши хорижий мутахассисларни жалб қилиш механизмини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Улар учун яшаш рухсатномаси билан «Қимматли кўникмалар визаси» жорий этилади ва қозоғистонлик кадрларнинг малакасини ошириш учун қимматли малакаларнинг (етишмаган касблар ва мутахассисликлар) мунтазам янгиланиб турувчи рейтингини шакллантиради, дейилади хабарда.
Чет эл олим ва ўқитувчилари учун узоқ муддатли (10 йилгача) «Илмий-педагогик визалар» берилади, бу эса уларга Қозоғистонда доимий яшаш ҳуқуқини, кейин эса фуқароликни олиш имконини беради.
«Инвестиция ва ишбилармонлик визалари»ни Қозоғистон иқтисодиётига бир вақтнинг ўзида 300 минг доллар сармоя киритган хорижлик ишбилармонлар олади. Бундай виза 10 йиллик яшаш ҳуқуқини беради. Унинг эгаси бизнесни рўйхатдан ўтказиш, мулкка эгалик қилиш, молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
«Бу Қозоғистонга ҳар йили 100 тагача бизнес-инвесторларни жалб қилиш, айниқса, ижодий индустрияни ривожлантириш борасидаги мақсадни янада реалроқ қилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон халқига сўнгги Мурожаатномасида янги визалар жорий этилганини тилга олди. Ўшанда у хорижлик ишбилармонлар 10 йиллик виза ва республикада яшаш учун рухсат олиш имкониятига эга бўлишини айтди. Бундан ташқари, илм-фан, соғлиқни сақлаш, саноат ва IТ соҳаларида қимматли мутахассислар учун имтиёзлар жорий этилади.