Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йил бошида мамлакатни қамраб олган қонли январь воқеалари иштирокчиларига амнистия эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари халққа мурожаатида маълум қилди, деб хабар беради Orda.kz.
«Намойишларда қатнашганлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бизнинг фуқароларимиз. Улар нафақат суд адолатли, балки жамият хайрихоҳ бўлишига умид қиладилар. Давлат январь воқеаларида иштирок этган, аммо оғир жиноят содир этмаган фуқароларга нисбатан жазони энгиллаштирди. Қонунни бузганларнинг айримлари ўз айбларини англаб, ўтган қилмишларига пушаймон бўлишди. Менимча, уларга кечиримлилик билан муносабатда бўлиш яхшироқдир. Шунинг учун мен январь воқеалари иштирокчиларига нисбатан бир марталик амнистия эълон қилишга қарор қилдим», — деди Тўқаев.
Президентнинг аниқлик киритишича, амнистия тартибсизликларни уюштирган асосий шахсларга, шунингдек, давлатга хиёнат қилиш ва ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштиришга уринишда айбланаётган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва бу тартибсизликларга айланиб кетди. Намойиш иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди.