Аҳолини дизел ёқилғиси билан таъминлаш бўйича ўз вақтида чора кўрмагани учун «КазМунайГаз» раҳбари Мағзум Мирзагалиев ва Энергетика вазири ўринбосари Асет Магауовга қаттиқ танбеҳ берилди. Бу ҳақда 31 август куни Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, бир қатор «масъул ходимлар» Энергетика вазирлиги ва «ҚазМунагаз»да ҳам эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.
«Ушбу масала ҳукуматнинг алоҳида назоратида, сентябрь ойи бошида вазият барқарорлашиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.
Бош вазир топшириғига биноан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр бошчилигида махсус тузилган комиссия мамлакат барча ҳудудларини дизел ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш масаласи устида ишламоқда. Унинг таркибига масъул давлат органлари ва миллий компаниялар вакиллари кирган.
Ушбу комиссия аниқлашича, мамлакатда ёқилғи тақчиллигининг асосий сабабларидан бири ёқилғи сарфининг сезиларли даражада ошиши, биринчи навбатда, транзит хорижий транспортлар ҳисобига. Иккинчи сабаб – Қозоғистондан қўшни давлатларга келаётган дизел ёқилғисининг нархи сезиларли фарқ қилиши туфайли. Шундай қилиб, Қозоғистонда дизел нархи литри учун 230-260 тенге (0,5 доллар) бўлса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россиядаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бу нарх 440 тенгега (0,9 доллар) етади.
Қозоғистон нефть базаларида дизел ёқилғиси чакана нархидан юқори нархда сотилгани ҳудудларда ёқилғи сотувининг қисқаришига олиб келган, чунки уни сотиб олиш ёқилғи қуйиш шохобчалари учун фойдасиз бўлиб қолгани ҳақидаги фактлар қайд этилган.
Бундан ташқари, «КазМунайГаз», Petrosun ва нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан ишлаб чиқариш, маркетинг ва логистика соҳасидаги тизимли йўл қўйилган камчиликлар аниқланган, дейилади пресс-релизда.
Қозоғистоннинг бир қатор ҳудудлари шу йил ёзида ёқилғи тақчиллигига дуч келди – ё у ёнилғи қуйиш шохобчаларида йўқ эди ёки чекланган миқдорда чиқарилганди. 22 август куни Республика Энергетика вазирлигининг нефть маҳсулотларини чакана савдоси учун маржинал нархларни белгилаш тўғрисидаги буйруғи кучга кирди. Ҳозир Қозоғистонда дизел ёқилғиси учун дифференциал тарифлар ўрнатилган – у хорижликларга деярли икки баробар қимматга сотилмоқда.