Жапаров 23 августни Ульяновск вилоятидаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилди

Микроавтобус олдида вақтида тормоз босмаган юк машинаси. Ульянов вилояти ИИБ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 августни Ульяновск вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган ватандошлар хотирасига мотам куни деб эълон қилди.

«Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятида юз берган воқеа ҳар биримизни ҳайратда қолдирди. Ушбу чуқур оғриқ барчанинг қалбида акс-садо берди. Юртдошларимиз йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабарни катта қайғу билан қарши олдик. Мен ҳалок бўлганларнинг яқинларининг дардини тушунаман ва уларга шерикман, уларга ҳозир жуда оғир», — деди давлат раҳбари ўз мурожаатида.

У «йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди», уларни сабрли бўлишга чақирди. Президент ҳалок бўлганлар яқинларига ёрдам кўрсатилишига ишонтирди. «Бу масала шахсан назоратим остида бўлади», — деди Жапаров.

ЙТҲ 21 август куни соат 14:00 атрофида Ульяновск вилоятининг Николаевский туманидаги «М5-Урал» трассасида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси тезлигини олдиндан камайтирмай, навбатда турган микроавтобусни уриб юборган, натижада автобус икки юк машинаси орасига кириб қолган. 16 киши ҳалок бўлди — ўз вақтида тўхтай олмаган оғир юк машинаси ҳайдовчиси, микроавтобус ҳайдовчиси ва унда бўлган 14 қирғизистонлик — беш аёл ва тўққиз эркак. Яна уч нафар Қирғизистон фуқароси оғир тан жароҳати олиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ