Тожикистонлик дзюдочи ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди

Нурали Эмомали. judo.tj сайти фотосурати

Тожикистонлик дзюдочи Нурали Эмомали Эквадорнинг Гуаякил шаҳрида бўлиб ўтаётган 2022 йил ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.

Вазни 66 килограммгача бўлган полвонлар финал баҳсида Эмомали ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати кумуш медали билан кифояланган ўзбекистонлик Азизбек Ортиқовни мағлуб этди.

Финал йўлида Эмомали Италия, Франция ва Туркиядан келган рақибларини мағлуб этди. Тожикистонлик спортчи ярим финалда ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати кумуш медали совриндори, молдавиялик Раду Извореанудан кучлироқ бўлди.

Аввалроқ, 73 килограммгача бўлган вазн тоифасида саралаш босқичида яна бир тожикистонлик дзюдочи Аҳмадзод Маъсудий ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати бронза медали совриндори ўзбекистонлик Ҳожиакбар Тошевни мағлуб этган бўлса, навбатдаги жангида америкалик Жек Йонезукега имкониятни бой бериб қўйди.

Эмомали ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан иккинчи тожик дзюдочиси бўлди. 2019 йили Сомон Маҳмудбеков олтин медални қўлга киритганди.

Жаҳон чемпионатидаги ғалабаси вақтида ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогида олтин ва Европа очиқ чемпионатида иккита медал соҳиби бўлган Маҳмудбековдан фарқли ўлароқ, Эмомали чемпионатдаги ғалабаси вақтида у қадар кўп регалия ва тажрибага эга эмас эди. Унинг ягона ютуғи шу йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогининг бронза медалини қўлга киритганди. Демак, Эмомалининг турнирдаги ғалабасини тўлиқ сюрприз дейиш мумкин.

Дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 10-13 август кунлари бўлиб ўтади. Турнирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби 63 давлатдан 373 нафар спортчи иштирок этмоқда.