Тожикистонга электромобиль импорт қилувчилар божхона тўловлари ва солиқлардан озод қилинади

ЭЛЕКТРОМОБИЛЬ. "АЗИЯ-ПЛЮС" САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон Транспорт вазирлиги 2023-2027-йиллари республика электромобилларини ривожлантириш Дастури лойиҳасини ишлаб чиқди, унда электромобиль импорт қилувчиларни солиқ ва божхона тўловларидан тўлиқ озод этиш кўзда тутилган. Бу ҳақда 11 август куни «Азия-плюс» хабар берди.

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, ишлаб чиқилган дастур лойиҳаси ҳозирда республиканинг манфаатдор вазирлик ва идоралари билан келишиш босқичида.

Ҳужжат лойиҳасида мамлакатда кенг зарур инфратузилмани яратиш, жумладан, зарядлаш станцияларини ўрнатиш ҳам кўзда тутилган.

Ҳозирда Тожикистонда электромобиллар ишламоқда, уларнинг аккумуляторлари, эгаларининг сўзларига кўра, уйда қувватланади, яъни электр энергияси учун маиший истеъмолчи сифатида тўлайди.

Электр транспорти тарифлари ҳозирда маиший истеъмолчилар учун тариф билан бир хил даражада – кВт/соат учун 22,66 сомоний (0,22 доллар)ни ташкил этади.

Ўтган йил декабрь ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон электромобиллар, электробуслар, троллейбуслар ва шу каби транспортлар импортини солиқ ва божхона тўловларидан тўлиқ озод этиш бўйича топшириқ берган эди.

У буни парламентга сўнгги мурожаатида «миллий иқтисодиётни глобал иқлим ўзгаришига мослаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилаш» билан изоҳлади.

«Шу нуқтаи назардан, ҳукумат республика ҳудудида бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш учун босқичма-босқич инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриши зарур», — дея қўшимча қилди у.

Таъкидлаш жоиз, Тожикистон автомобиль ёқилғисини деярли тўлиқ импорт қилади, асосан Россия (бензин ва дизел ёқилғиси) ва Қозоғистондан (суюлтирилган газ). Шу билан бирга, республика улкан гидроэнергетика салоҳиятига эга (йилига 527 млрд. кВт/соат), лекин унинг атиги 4% га яқини (2021 йили қарийб 21 млрд. кВт/соат) фойдаланилмоқда.