Толиблар Тожикистонни бир ҳафтада ишғол қилиши мумкинлигини маълум қилишди

"Толибон" вакили нутқи. 8am.af сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракатининг 217-Умарий армияси корпуси қўмондони ўринбосари мулла Жан Муҳаммад Ҳамза (Мулла Жан) агар Душанбе Афғонистон ички ишларига аралашишни тўхтатмаса, Тожикистон бир ҳафта ичида ишғол қилиниши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Бу ҳақда 8am.af сайти ўз манбаларидан бирига таяниб хабар берди.

Бу баёнот Таҳорга ташриф буюрган толиблар ҳукумати вазири олдида янграган. Шу билан бирга, мулла Жан Россия Тожикистоннинг орқасида турмаса, таҳдид амалга ошиши мумкинлигини таъкидлаган.

ℹ️ «Википедия» маълумотларига кўра, 217-Умарий корпуси Ислом Амирлиги** армиясининг саккизта корпусидан бири ҳисобланади. У 2021 йил октябрь ойида Афғонистон миллий армияси таркибига кирган 217-«Помир» корпусидан қайта шаклланган. Бош қароргоҳи Қундуз шаҳрида жойлашган. Корпус таркибига Қундуз, Бағлон, Тахор ва Бадахшон бригадалари киради.

Бку Тожикистоннинг Афғонистон ички ишларига аралашаётганига доир биринчи мурожаат эмас. Аввалроқ, собиқ бош вазир, Афғонистон Исломий партияси асосчиси Гулбиддин Ҳикматёр Тожикистон «афғон мухолифатига бошпана бериш билан Афғонистонга уруш эълон қилгани»ни айтганди. Бироқ бу баёнот «Толибон» ҳукумати расмийлари томонидан очиқ қўллаб-қувватланмади.

Ўз навбатида, толиблар вакили Забиулла Мужоҳид Афғонистондан қўшни давлатларга ҳужум уюштиришга йўл қўймаслигини бир неча бор таъкидлаган. Толиблар бу ҳақда Тошкентдаги халқаро анжуманда ҳам гапиришди.

Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбарининг собиқ ўринбосари Сайфулло Сафаровга кўра, Тожикистон ҳеч қачон Афғонистонга зарар етказишни ният қилмаган ва бундай нияти ҳам йўқ. Бошқача айтганда, у на мамлакатнинг аввалги ҳукумати, на ҳозирги ҳукуматнинг ишларига аралашмаган.

Сафаров Тожикистон Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати мухолифларига бошпана бергани ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади. Унинг фикрича, «тасодифан учиб келган ўқлар, снарядлар ёки ракеталардан хавотирланишга ҳожат йўқ». «Чунки керак бўлса, тожик чегарачилари муносиб жавоб қайтариш учун яхши имкониятларга эга», — дея тушунтирди Сафаров.

Тожикистон толиблар ҳукумати ҳокимиятга келганидан бери улар билан ҳеч қандай алоқага эга эмас ва миллий озчилик халқдар, жумладан этник тожиклар иштирокида инклюзив ҳукумат тузилишини талаб қилади. Душанбе «Толибон»га қарши қуролли кураш олиб бораётган Афғонистон Миллий қаршилик фронти (МҚФ) етакчиси Аҳмад Масъудни қўллаб-қувватлайди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.