20 июндан бошлаб Тошкент ва Душанбе ўртасида йўловчи поезди қатнай бошлайди

Railway.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ва Тожикистон 20 июндан Тошкент-Душанбе йўналишида йўловчи поезди қатновини йўлга қўйади. Бу ҳақда икки давлат президентлари – Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўтказган брифингда маълум бўлди.

«Фуқароларимиз бир-бирига бемалол саёҳат қилиш имконияти яратилганини мамнуният билан қайд этдик. Биздаги маълумотларга кўра, тожик-ўзбек чегарасидан ҳар куни 20 мингга яқин одам ўтади. Бу жуда муҳим рақам. Товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиш режими таъминланди. Ҳаво ва автомобиль транспорти қатнови сезиларли даражада ошди. Биз яқин келажакда мамлакатларимиз пойтахтлари ва бошқа шаҳарлари ўртасида йўловчи темир йўл қатновини очиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдик», — деди Раҳмон.

Тожикистон президенти 2 июнь куни эрталаб расмий ташриф билан Тошкентга келди. Шу куни «Кўксарой» қароргоҳида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди. Жумладан, томонлар янги транзит йўлакларини шакллантириш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, темир йўл, автобус ва ҳаво қатновларини кўпайтиришга келишиб олдилар.