Ўзбекистон-Тожикистон чегараолди ҳудудида савдо-саноат зонаси ташкил этилади

ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

«Ойбек» ва «Фотехобод» ўтказиш пунктлари ҳудудида «Ўзбекистон – Тожикистон» чегараолди савдо-саноат зонаси ташкил этилади. Унда ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказлари ва зарур инфратузилма жойлашган бўлади. Бу режалар 1 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумида маълум қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати.

Форум Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат расмий ва ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид сўзга чиқиб, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, кончилик, энергетика, фармацевтика каби соҳаларда саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш бўйича ишларни фаоллаштириш ниятида эканликларини маълум қилдилар. Шунингдек, форумда транспорт, логистика ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларида қўшма лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

Форум якуни бўйича умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 75 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.

ИТСВ икки давлат ўртасида сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг ўсиб бораётган динамикасини қайд этди: ҳозир Тожикистонда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 64 та корхона, Ўзбекистонда эса 252 та Тожикистон компанияси фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошди. Тожикистон томони маълумотларига кўра, 2021 йили у 447,8 миллион долларни ташкил қилган, бу 2020 йилга нисбатан 114 миллион долларга (34,2 фоиз) кўпдир. Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 35 фоизга ошган. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларгача ошириш ниятида.