Air Astana Россияга парвозларини тўхтатди

Facebookдаги фотосурат

Air Astana авиакомпанияси Россия билан ҳаво алоқаларини ва унинг ҳудуди орқали парвозларини бутунлай тўхтатди. Компания буни Россия Федерациясига / Россиядан тижорий рейсларни суғурталашни тўхтатиш билан изоҳлади.

«Air Astana авиакомпанияси афсус билан маълум қиладики, Россия Федерациясига ва унинг ҳудуди устидан тижорат рейслари суғурта қопламаси тўхтатилиши муносабати билан ушбу йўналишдаги барча рейслар тўхтатилади. Авиакомпания парвозларни тезроқ тиклаш учун Қозоғистон ҳукумати билан ушбу муаммоларни зудлик билан ҳал қилади», — дейилади Facebookдаги Air Astana саҳифасида.

Қайд этилишича, бекор қилинган рейслар йўловчилари чипталарни сотиб олган жойга тўлиқ қайтариб олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

9 март куни Air Astana Россиянинг турли шаҳарларига парвозлар бекор қилинганини эълон қилди, бироқ Москва, Олмаота ва Нур-Султон ўртасидаги рейслар давом этди.

Аввалроқ С7, Аэрофлот, Урал авиалинияси ва бошқа Россия авиакомпаниялари томонидан барча халқаро рейслар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига парвозлар бекор қилинган эди.

Россия Федерациясининг Украинада 24 февралда бошланган ҳарбий амалиётидан сўнг 36 давлат, жумладан, Европа Иттифоқининг барча давлатлари Россия авиакомпанияларининг парвозлари учун ҳаво ҳудудларини ёпди. Бунга жавобан Россия ҳам 36 давлат учун осмонини ёпди. Россия Федерациясига қарши кенг кўламли санкциялар авиация саноатида инқирозни келтириб чиқарди. Европа Иттифоқи давлатлари ва лизинг компаниялари Россиядан ижарага олинган самолётларни қайтаришни талаб қилди. Бунга жавобан Россия Федерацияси Транспорт вазирлиги лизингга олинган хорижий самолётларни мамлакатда сақлаб қолиш ва улар учун тўловни миллий валютада тўлашни таклиф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ