Credit Suisse маълумотларининг четга сизиб чиқиши: «муаммоли» мижозлар орасида Марказий Осиёнинг 10 нафар вакили борлиги маълум бўлди

RUPOLITIKA.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги энг муаммоли ҳисоб эгалари орасида Марказий Осиёдан ўн нафар мижоз борлиги маълум бўлди. Улардан тўрт нафари Ўзбекистон, уч нафари Қозоғистон, иккитаси Қирғизистон ва бир нафари Тожикистондан бўлган. Бу 20 февралда чоп этилган «Credit Suisse сирлари» текширув материалларидан ўрин олган. Нашр Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш маркази (OCCRP) ва Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетаси ва дунё бўйлаб бир қанча оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигида тайёрланган.

Суриштирув материалларида Ўзбекистон томонидан қуйидаги шахслар иштирок этади (рақамлар яхлитланган):

👉 Гулрух Тиллаева, ҳисобида 2,227 миллион Швейцария франки (2,4 миллион доллар) бор. Бу инсон Ўзбекистон биринчи президентининг кенжа қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевнинг холаси. «Тиллаева Credit Suisseдаги ҳисобини Никита Калиниченко билан баҳам кўради. ОАВ маълумотларига кўра, Калиниченко унинг турмуш ўртоғи бўлган ва Тиллаев учун Марказий Осиёдаги энг йирик «Абу Сахий» савдо марказларидан бирини бошқарган», — дейилади нашрда.

👉 Игор Шепелев, 2,8 миллион швейцария франки (3 миллион доллардан ортиқ) эгаси, 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон теннис федерациясининг бош котиби бўлган. Терговчиларнинг таъкидлашича, у 2005 йили «Миллий манфаатларни ҳимоя қилишдаги жасорати учун» «Дўстлик» ордени билан тақдирланган, Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходими сифатида қайд этилган.

👉 Раъно Раматова, 954 минг Швейцария франки (1 миллион доллардан ортиқ) эгаси. Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, муқаддам давлат темир йўл компанияси раҳбари ва транспорт вазири лавозимларида ишлаган Очилбай Раматовнинг рафиқаси. «Ҳисоб қайдномаси учун ишончнома унинг қизига ва эри раҳбар бўлган пайтда давлат темир йўллари билан бизнес юритган йирик конгломерат Orient Group асосчисига тегишли бўлган. Раматова ўзининг оффшор компанияси пул ўзлаштиришда айбланаётгани аниқланганидан кейин Credit Suisseдаги ҳисобини ёпган», — дейилади OCCRP маълумотида.

👉 Саодат Нурзиева (Нарзиева), 1,8 миллиард швейцария франки (2 миллиард доллардан ортиқ). Акушер-гинеколог, россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг синглиси.

Қозоғистонлик фигурантлар орасида қуйидагилар мавжуд:

👉 Тимур Қулибоев, 844 миллион швейцария франки (920 миллион доллар) соҳиби. Қозоғистоннинг энг бой ва нуфузли бизнесменларидан бири, у мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Динарага уйланган. «Қулибоев ўн йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатнинг улкан энергетика ва минерал ресурсларини назорат қилган давлат тузилмаларида топ-менежер бўлган. 2010 йили у Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан пул ювишда айбланиб тергов қилинган, бироқ Қозоғистон молия полицияси жиноий жавобгарликка тортиш учун далиллар етарли эмаслигини айтганидан кейин иш ёпилган», — дейди терговчилар.

👉 Дарига Назарбоева, 21,6 миллион швейцария франки (23,5 миллион доллардан ортиқ) бор. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи. У сиёсий партияга асос солган, депутат, Бош вазир ўринбосари, Сенат спикери бўлган. «Назарбоеванинг турмуш ўртоғи Рахат Алиевга 2007 йили ўзи назорат қилган банкнинг икки раҳбарини ўғирлаш, сўнгра ўлдиришда айбланганидан сўнг, Назарбоева ва унинг ўғли Алиевнинг улушига эга бўлиб, бойлигини янада оширган. 2013 йили Forbes уни 595 миллион доллар активлари ва йирик медиахолдинги билан энг бой 50 қозоғистонлик рўйхатига киритган», — дейилади OCCRP нашрида.

👉 Надежда Тўқаева, 1,5 миллион швейцария франки (1,6 миллион доллар) бор. Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг собиқ рафиқаси. «Унинг Москвада ижарага кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишдан бошқа бизнес манфаатлари борми-йўқми, бу номаълум. Унинг эри бутун фаолияти давомида давлат хизматчиси бўлган: аёл Швейцария ҳисобига эга бўлган даврда у ташқи ишлар вазири ва Бош вазир бўлган. Бундан ташқари, Тўқаев бизнес эгаси сифатида омма олдида танилмаган. Ҳисоб ёпилишидан олти ой олдин Тўқаев БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси бош директори бўлди. Уларнинг Женевадаги элита мактаб-интернатида ўқиган ўғли Тимур Тўқаевда 14 ёшидан ҳисоб қайдномаси учун ишончномага эга бўлган. 2022 йил январь ҳолатига кўра, унинг мамлакатда учта квартираси бўлган», — дейилади OCCRP маълумотида.

Қирғизистон томонидан Наталя Курманалиева ва Азим Ройнинг номлари келирилган.

👉 Наталя Курманалиеванинг Credit Suisse ҳисоб рақамида 1,4 миллион швейцария франки (1,5 миллион доллар) бўлган. Қирғизистон Табиий ресурслар вазирлиги ва Геология ва минерал ресурслар давлат агентлигини бошқарган Капар Курманалиевнинг собиқ рафиқаси. «Курманалиев Қирғизистонда берилган барча кончилик лицензияларини назорат қилган ва у мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланган», — дея тушунтиради терговчилар. 2010 йилги инқилобдан кейин Қурманалиев Қирғизистонни тарк этган, у хусусий кончилик компанияларига ноқонуний лицензиялар берганликда айбланиб, Интерпол қидирувига берилган. 2014 йили у сиртдан айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ҳозирда Латвияда яшайди. Курманалиев OCCRPга 2005 йилдан бери Наталя Курманалиева билан яшамаслиги ва банкдаги ҳисобнинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

👉 Азим Рой Credit Suisseда 10,7 миллион швейцария франки (11,6 миллион доллар) сақлаган. «Россия ва Марказий Осиё жиноий оламига алоқадор тадбиркор, Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири. Азим (у Рой Сайдазимов, шунингдек у Ўрозохун Сайдазимов бўлади) кўплаб жиноятлари учун қарийб етти йилни Совет қамоқхонасида ўтказган, кейинчалик суд ҳукми бекор қилинади. Шундан сўнг Азим АҚШга кўчиб ўтади ва у ерда судланганлигини яширганлиги учун виза фирибгарлигида айбланади. Кўчиб ўтишдан бироз олдин у Credit Suisseнинг инвестиция банки бўлимида ҳисоб очади, бу унга дастлабки уч йил ичида 567 000 доллардан ортиқ фойда келтиради», — дейилади OCCRP нашрида.

👉 Қосим Роҳбар туфайли Тожикистон номи тилга олинади. Унинг Credit Suisse ҳисобида деярли 8,9 миллион швейцария франки (9,7 миллион доллар) бор. Жорий йилнинг январь ойида эса у Ҳисор шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган. Илгари Роҳбар Сўғд вилояти ҳокими ва қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида ишлаган ва бу унга мамлакатдаги асосий валюта манбаларидан бири – пахтани назорат қилиш имконини берган. 2008 йилги АҚШ дипломатик телеграммига кўра, Роҳбар (собиқ Қосимов) «мафия бошлиғи сифатида кенг танилган», дейди терговчилар.

«Credit Suisse сирлари» дунёдаги энг йирик ва энг бой банклардан бири бўйича олиб борилган халқаро тергов ишидир. У Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетасига бир йилдан кўпроқ вақт олдин аноним манба тақдим этган умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 мингдан ортиқ ҳисоб эгалари тўғрисидаги маълумотларга асосланади. Ҳисоб эгалари орасида жисмоний ва юридик шахслар ҳам бор.

Тадқиқотда 39 давлатдаги 48 та нашрнинг 163 нафар журналисти иш олиб борган. Ушбу четга сизиб чиққан маълумотлар ҳозирги кунни тўлиқ қамраб олмайди, кўплаб ҳисоблар аллақачон ёпилган.

Терговчиларнинг саволларига жавобан, банк Credit Suisse «солиқлардан бўйин товлаганларга нол тоқат сиёсатига» амал қилишини, у «қатъий назоратга эга» экани, банк «янги очилган ҳисоб варақлари, шунингдек мавжудларига нисбатан банк стандартларига мувофиқ текширувлар олиб боришини маълум қилган. «Биз ноқонуний пулларни легаллаштириш ёки бошқа ноқонуний фаолиятни аниқлаганимизда, тезкор ва қатъий чоралар кўрамиз», — дейди банк мутасаддилари.