Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги воқеаларни четдан давлат хавфсизлигига путур етказишга уриниш деб атади

Россия Қозоғистонда юз берган сўнгги воқеаларни ташқи кучлар томонионидан давлат хавфсизлиги ва яхлитлигига путур етказишга уриниш сифатида баҳолайди. Бу ҳақда баёнот 6 январь куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) томонидан эълон қилинди.

«Россия Федерацияси КХШТ доирасидаги иттифоқчилик мажбуриятларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, Қозоғистонда ички сиёсий вазиятнинг издан чиқиши ва зўравонликнинг кучайишига қарши кўрилган шошилинч чораларни қўллаб-қувватлайди. Биз дўстона мамлакатда содир бўлган сўнгги воқеаларни ташқаридан рағбатлантирилган, тайёргарликдан ўтган ва уюшган қуролли тузилмалардан фойдаланиш орқали давлат хавфсизлиги ва яхлитлигига путур етказишга уриниш сифатида баҳолаймиз», — дейилади ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, бундан олин Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) аъзоси сифатида президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг илтимосига биноан Қозоғистонга ўз қўшинларини юборган эди.

Бироқ, Россия ТИВ баёнотида қандай ташқи кучлар Қозоғистондаги вазиятни издан чиқариш учун уринганига аниқлик киритилмаган.

6 январь куни эрталаб Россия ҳаво-десант қўшинлари бўлинмаларини Қозоғистонга сафарбар қилинди.

Қозоғистонда тинчлик ўрнатишга йўналтирилган кучлар таркибига Тожикистон (200 га яқин ҳарбий хизматчи), Арманистон (70 га яқин ҳарбий хизматчи) ва Беларус (бу давлат расмийлари ҳозирча уларнинг контингенти сони ҳақида маълумот бермаган) армия бўлинмаларини киритилиши керак.

Шу пайтгача Қирғизистон тинчликпарвар кучларини юбориш тўғрисида қарор қабул қилмади. Маҳаллий парламент бу масалани муҳокама қилиш учун кворум тўплай олмаган ва унинг мажлиси 7 январга кўчирилган.

КХШТ тинчликпарвар кучларининг умумий сони 3,6 минг нафар ҳарбий хизматчидан иборат бўлиши кутилмоқда. Улар ҳукумат ва ҳарбий объектларни қўриқлайди ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдам беради.

Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида бошланган бўлиб, аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархда сотилишига қарши чиққанди. Кўп ўтмай намойишлар бошқа шаҳарларга кўчди, Олмаотада тартибсизликлар бошланди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан олинган хабарларга кўра, полиция билан тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган.

Ҳукумат истеъфога чиқди, мамлакатда 5 январдан 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ