Тожик ҳукумати қувғиндаги журналист Додожон Атовуллоевни авф этди

Додожон Атовуллоев. Tajinfo.orgсайти фотосурати

Германияда яшаётган мухолифатчи журналист Додожон Атовуллоев Тожикистон ҳукумати томонидан авф этилган ва у ўз ватанига қайтиши мумкин, деб хабар беради «Точикистон» нашри Бош прокуратурадаги манбасига таянган ҳолда.

Бош прокуратура Атовуллоевнинг 2008 йилдан 2014 йилга қадар турли жиноятларни содир этиб, халқаро қидирувда эканини таъкидлаган. Октябрда қабул қилинган «Авф тўғрисида»ги қонунга биноан, 16 декабрь куни мазкур журналистга қарши қўзғатилган жиноий иш тўхтатилган.

Атовуллоев Фейсбукдаги саҳифасида ушбу хабарни журналистлардан эшитгани ва бу яхшиликдан дарак эканини ёзади. У доимо ватанга қайтишни орзу қилгани ва мана энди бунга имкон туғилганини айтади.

«Мухолифат ва ҳукуматнинг биргаликда Тожикистон равнақи учун курашадиган вақт келди, ўртада деворлар эмас, кўприклар қуриш керак», — дейди у.

Дододон Атовуллоев 1991 йили Тожикистондаги илк мухолифат нашри «Чароғи рўз» (Кун чироғи) газетасининг бош муҳаррири бўлган. Уни конституциявий тузумни ағдаришга уринишда айблаб, жиноий иш кўзғатадилар (бир неча йилдан сўнг бу иш ёпилади) ва шундан сўнг 1992 йили журналист мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.

Атовуллоев президент Раҳмон режимини танқид қиладиган энг фаол танқидчилардан бири бўлган. Муҳожиротда яшаган журналист 2007 йили амалдаги ҳокимиятга қарши бўлган кучларни бирлаштирувчи «Ватандор» деб номланган мухолифат ҳаракатини бошқаради. 2008 йили мамлакат Бош прокуратураси Атовуллоевни конституциявий тузумни зўрлаб ўзгартириш ва президентни ҳақоратлашда айблаб, унга нисбатан янги жиноий иш қўзғайди.

Тожикистон ҳукумати бир неча йил Германия ва Россиядан журналистнинг ҳибсга олиниши ва ватанига қайтарилишини талаб қилган. Атовуллоевни Россияда икки марта қўлга олишади, лекин тожик ҳукумати ихтиёрига топширмай қўйиб юборишади. 2012 йили Москвада журналистга нисбатан суиқасд уюштирилади — номаълум шахс уни пичоқлайди, лекин журналист омон қолади.

Ҳозирда Додожон Атовуллоев «Тожикистон констуктив кучлари Конгресси» ҳаракатини бошқаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ