«Шампунь ва Гвардиоланинг кал боши ҳақидаги гаплар — ғирт беъманилик»

Абдуқодир Ҳусановнинг ёшликдаги мураббийи «Манчестер Сити» даги рақобат ва футболчининг характери ҳақида гапириб берди
Гвардиола ва Ҳусанов. kursiv.media сайти фотосурати

Ўзбек футболи афсонаси, ҳозирда мураббий ва функционер Азамат Абдураимов «Манчестер Сити»нинг порлаб келаётган юлдузи Абдуқодир Хусановга оталарча муносабатда бўлади. У футболчига 14 ёшиданоқ мураббийлик қилган, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида бирга ишлаган. Мутахассис «Фарғона»га футболчининг оёққа туриши ва истиқболлари ҳақида гапириб берди.

— Қодир менинг жамоам ташкил топганиданоқ унинг таркибида бўлган. Ўшанда у ярим ҳимояда ўйнаган ва асосий таркибнинг муҳим қисми бўлган. У узоқдан яхши пас берарди. Бўйи паст эди, лекин 15 ёшида тез ўсишни бошлади, бу эса Шляттер касаллигига олиб келди (кўпинча ёш спортчиларда тизза бўғимларига босим туфайли учрайди. — «Фарғона» изоҳи). Натижада, отаси Ҳикмат Ҳошимов билан келишиб, бир неча ой давомида уни терма жамоага жалб қилмасликка қарор қилдик. Кейинчалик Қодирнинг гавдаси кучайди, 2019 йилга келиб Минскдаги турнирга тайёргарлик кўрарканмиз, уни яна жамоага олиб келдим, сардор этиб тайинладим ва ҳимояга ўтказдим. Ўшанда у бўй чўзди, соғлом бўлди ва яхши тезликка эришди. Мен динамикани кузатиш учун 14, 15 ва 16 ёшда тест маълумотларини тўпладим ва бу ажойиб эди. 16 ёшида Қодир масофа тезлигида энг яхшилардан бири эди. Жуссасини ҳисобга олганда, бирдан чопқиллаб кетиши қийин эди.

— Сизнингча, унинг муваффақияти сири нимада?

— Қодирнинг савияли футболчи бўлиб етишишида кўп жиҳатдан миллий терма жамоада ўйнаган отасининг катта ҳиссаси бор. Иккинчи жиҳат, Қодир Ўзбекистон чемпионатини четлаб ўтиб, Беларуснинг «Энергетик-БГУ» жамоасига тушди, унга ишонч билдиришди ва у 18 ёшида асосий таркибда ўйнай бошлади. Ўз ватанида унга бундай имконият берилмаган бўларди. Гарчи Ҳусанов «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси бўлса-да, асосий жамоа мураббийлари уни пайқамади, ҳатто захирага ҳам жалб қилишмади.

Ва ниҳоят, Ҳусанов Ўзбекистоннинг турли ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларида ўйнаб, ажойиб тажрибага эга бўлди. Ҳозирда футбол ассосиасиясига (ЎФА) янги раҳбарият келиши билан терма жамоалар институти ташкил этилгани мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш йўлидаги улкан қадам бўлди.

— Ҳусанов «Манчестер Сити»да ўйнаш тажрибасига эга бўлмагани боис, бундан қисинмайдими?

Азамат Абдураимов. championat.asia сайти фотосурати

— Мен унинг отаси билан доимий алоқадаман. У яқинда Англиядан қайтиб келди ва «шаҳарликлар» («сити» назарда тутиляпти-тарж.изоҳи) устози Гвардиола Қодирни ҳеч қаерга қўйиб юборишни истамаслигини айтди — на сотишга, на ижарага. У билан кўп индивидуал шуғулланяпти. Қодирнинг ўзи ҳам ҳамма нарсани тушунади, кетиш нияти йўқ. Ҳикматнинг айтишича, Қодир учун «Манчестер Сити» ҳаёт мактаби. У ҳар доим ҳам у ерда ўйнамасада, лекин машғулот ўтказяпти ва Гвардиола шахсан унга эътибор қаратяпти — буж уда катта гап.

Қодир кап гап бўлгани билан унинг учун футбол биринчи ўринда туради. Интизом билан боғлиқ муаммолар ҳеч қачон бўлмаган. Бекорга у жамоам сардори бўлгмаган. Демак, у қаерда ўйнамасин, хоҳ «Манчестер Сити», хоҳ «Ленс», хоҳ Ўзбекистон миллий терма жамоаси, хоҳ Беларуснинг «Энергетик» клубида ўйнамасин, унга бўлган яхши муносабатдан ажабланмайман. У меҳнаткаш. Буни ҳатто Гвардиола ҳам такидлаган.

— Нега Гвардиола унга ишонмай қўйди?

— Ишончсизлик ҳақида гапирмаган бўлардим. Ҳар қандай мураббий биринчи навбатда жамоа манфаатини ҳисобга олади. Йил бошида жамоада шов-шув кўтарилди, уларда силкинишлар бўлди. Таркибда барқарорлик йўқ эди. Бундан ташқари, жароҳатлар. Энди ҳамма нарса тинчланганга ўхшайди. О`Райли қанотда ўйнай бошлади, Йошко Гвардиол марказга ўтди. Схема ўзгарди: улар илгари учта марказий ҳимоячи билан ўйнаган бўлса, энди иккитаси билан ўйнашяпти. Мураббийлар ҳимоя чизиғида алмаштиришларни минималлаштиришмоқда. Асосий ўйинчилар аниқланди ва улар натижаларни кўрсатишмоқда.

Яхшиликдан яхшилик қидирилмайди. Ҳусанов ҳозирда ўйиндан ташқарида, аммо ишончим комилки, бу вақтинчалик.

Апрель ойида Ҳусанов жамоага тушмай қолганидан сўнг инглиз мухлислари форумларида ўзбекистонлик ҳимоячи Гвардиолани хафа қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Қодир инглиз тилини яхши билмайди, Гвардиола футболчини чемпион (champ) деса, Ҳусанов кучли акцент билан жавоб қайтарган: Сиз ҳам чемпион» «You`re champ too», дегани you`re shampoo («сиз шампунсиз») талаффузига ўхшаган. Оқибатда, гўёки бошида сочи йўқ Гвардиола футболчи нутқидаги хатосини ҳақорат сифатида қабул қилган.

— Демак, Гвардиоланинг кал боши ва шампунь ҳақидаги гаплар рост эмас эканда?

— Ғирт бемаънилик. Қодир нотўғри гапирганида ҳам Гвардиола ҳеч бўлмаганда тарбияси ва ёши туфайли бунга эътибор бермасди. Футболчи мураббийнинг ҳафсаласи пир қилиши мумкин бўлган ягона нарса, биз буни Ҳикмат билан ҳам муҳокама қилдик, бу Пепнинг Ҳусановни Чемпионлар Лигаси «Реал»га қарши ўйинда қанот ҳимоячисига ўтказиш тажрибаси бўлди. Ўшанда Қодир Винисиусга қарши туришга мажбур бўлганди. Ахир Ҳусанов қанот ўйинчиси эмас. Кодирнинг ўзи айтганидек, Винисиус портлаш тезлигига эга ва уни фақат узоқ масофаларда ушлаб туриш мумкин. Шу боис унга рақиб билан курашиш ниҳоятда қийин бўлган.

— Ҳусановнинг паси йўқлигини тез-тез эшитаман.

— У ажойиб пасга эга. У ўйинни ярим ҳимоячи сифатида бошлаган. У ўйинни мукаммал англайди, майдонни кўради. У комбинацион ўйин учун барча фазилатларга эга. Ва шунга қарамай, унутмаслигимиз керакки, у эндигина 21 ёшда ва унинг энг яхши ўйинлари ҳали олдинда. Унинг «Манчестер Сити»да Гвардиола қўл остида ўтаётган мактаби эса келажакда юқори савияли футболчига айланишининг кафолатидир.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси. Ҳусанов биринчи қаторда чапдан учинчи. ЎФА матбуот хизмати фотосурати

— Ҳусанов иккита марказий ҳимоячи билан ўйнаганини эслолмайман. Балки у умуман паст зичликдаги ҳимояга тайёр эмасдир?

— Ҳа, бу жиҳатни ҳам ҳисобга олиш керак. Гвардиола таркибни ўзгартирди. Жамоа энди учта ўрнига иккита марказий ҳимоячи билан ўйнайди. Ҳусанов учун майдонда камроқ жой бор. Рақобат ақлдан оздирар даражада.

Қодирга келсак, ҳа — терма жамоада ҳам, «Ланс»да ҳам, «Манчестер Сити»да ҳам Қодир ҳимоя марказида икки шерик билан ўйнаган. Лекин ўсмирлар жамоамда иккита марказий ҳимоячи билан ўйнаганмиз, шунинг учун унинг тажрибаси бор.

Ҳамкорлар Ҳусановни ҳимояси олишган, дейиш тўғри эмас, аксинча — у кўпинча майдонда фаррош, тозаловчи вазифасини бажарган. Айниқса, «Сити»нинг мудофааси илма-тешик эди. Бошқа томондан, ҳимояда учта марказий ҳимоячи билан ўйнаш анча осон бўлиши мантиқан тўғри. Лекин Хусановда бундай эмас, у иккита марказий ҳимоячи билан ўйинни яхши уддалаган бўларди.

— Сизнингча, у «Манчестер Сити»да қоладими?

— Кўп нарса Гвардиоланинг клубда қолишига боғлиқ бўлади. Қолса, Қодирни қўйиб юбормайди ва уни тоблашда давом этади. Клубда ҳозирча ўйин амалиёти йўқлигига келсак, у буни терма жамоадаги ўйинларда қоплайди. Йигитлар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганларида пайдо бўладиган бу ҳис-туйғулар уларни руҳлантиради ва барча қийинчиликларни унутишга ёрдам беради. Бу Қодир ва унинг жамоадошлари учун ушаладиган орзу.

— Терма жамоа ҳақида гап кетар экан, Ҳусанов ватанга сафар қилганидан сўнг (бу ерда унга ортиқча эътибор берилди шекилли) жамоадаги иштироки тўхтади.

Абдуқодир Ҳусанов. sport24 фотосурати

— Менимча, ташриф футболчида қандайдир из қолдирди. Чунки буни ҳатто клуб ҳам пайқаб қолди ва ЎФАга Ҳусановни фотосессия ва мухлислардан ҳимоя қилишни сўраб хат йўллади. Катта футболда бундай арзимас нарсалар бўлмайди. Албатта, уни таъқиб қилишди. Эмоционал жиҳатдан ҳам унга қаттиқ таъсир қилишди – жип совғаси, унаштириш маросими… Буларнинг барчаси машғулотларда ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу Эрон билан ўйинда кўзга ташланди, зеро футболчи энг юқори баҳо ололмади. Қодир қанчалик руҳий барқарор бўлмасин, ўша пайтларда унинг Тошкентдаги «саргузаштлари» ҳақидаги маълумотларни кўрмасдан туриб интернетни очишнинг иложи йўқ эди.

Ўйинчимиз олий лигада, буюк клубда ўйнаётганидан барчамиз жуда хурсандмиз, аммо у қандай босим остида эканини тушунишимиз керак. Умид қиламанки, ўша саёҳат энди ўтмишда қолди ва у учун ҳам, ЎФА учун ҳам сабоқ бўлди. Ахир бу биринчи марта эди. Ҳатто Шомуродов ҳам Италияга кўчиб ўтганидан кейин бундай эътиборга тушмаганди.

— Ҳусанов яқинда уйланади. Бу қандайдир тарзда ўйин сифатига таъсир қилиши мумкинми?

— Тошкентда бўлиши кутилаётган тўй, албатта, ҳар бир футболчи бошидан кечирадиган ўзига хос лаҳзадир. Организм қайта мослашади, оилавий ҳаёт қўшимча масъулият юклайди. Лекин менимча, унинг ёшида ҳаммаси силлиқ кечади. Қодир энди ўсмир эмас, жисмонан ва руҳан шаклланган спортчи ва эркак. Бироқ, ҳиссий таъсирни истисно қилиш мумкин эмас. Ахир, тўй муҳим воқеа. Лекин мен Қодирни биламан. Уни синмайди. У юлдузлар касалидан йироқ, шарафига куйланаётган мақтовларга қулоқ солмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ