Марказий Осиёда яшовчи халқларнинг маданий хилма-хиллиги ва бойлигига қарамасдан, уларни бирлаштирувчи жиҳатлар мавжуд. Гап қозоқлар каби тарихий кўчманчи халқлар ёки ўзбеклар каби ўтроқ халқлар ҳақида бўладими, фарқи йўқ – уларнинг барчаси ҳамжиҳатликка, ўз оиласига, уйдаги илиқлик ва фаровонликка интилишади. Бундай илиқлик тимсоли одамларни бирлаштирадиган, уларга хавфсизлик туйғусини берадиган ва пировардида овқат тайёрланадиган ўчоқдир. Аммо илгари одамлар асрлар давомида бир жойда яшашган бўлса, энди дунё сарҳадлари кенгайган: иш қидириш ёки яхши яшаш иштиёқида одам уйидан узоққа саёҳат қилиши, бошқа мамлакатга ёки ҳатто бошқа қитъага кўчиб ўтиши мумкин. Янги жойда бутунлай бошқача ҳаёт, бошқа урф-одатлар, бошқа уй-рўзғор тартиби бўлиши мумкин ва маълум бир турмуш тарзига ўрганган одам қадрдон уйида қолдирган нарсаларини қўмсай бошлайди. Аммо уйингиздаги ўчоқни ўзингиз билан олиб кета олармидингиз? Маълум бўлишича, бу саволга ижобий жавоб топилган – ҳа, кўчма ўчоқ бунинг ўрнини босади.
Тарихчилар ўчоқ тарихини қадимги даврларга тақалайдилар, ўшанда ер қазилган, унга ўтин солинган ва устига қозон қўйилган. Бора-бора ўчоқ мукаммаллашиб, тўлақонли печга айланган. Лекин ғиштдан ясалган печкани ўзингиз билан олиб кетолмайсиз, ахир.
Шундай қилиб, кўчма ўчоқ пайдо бўлди, у шунчаки электр печка билан қониқмайдиган, ўзининг хушбўй ҳиди ва ёрқин таъми билан ҳақиқий анъанавий ошхонани яхши кўрадиган одамлар учун ҳақиқий нажот бўлди.
Наманганнинг Davr Metall компанияси ўчоқ, қозон, мангал, садж ва шунга ўхшаш ошхона буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
– Корхона расман 1993 йили ташкил этилган, – дейди экспорт бўлими бошлиғи Шуҳрат Турсунов, – аммо бу тарих бундан ҳам аввалроқ – оддий михлардан бошланган. 1991 йили СССР парчаланиб, собиқ республикалар ўз эркига эришди. Ҳаётни деярли нолдан қуришга тўғри келди. Компаниямиз асосчиси Абдулҳоди Саматов дастлаб Россиядан олиб келинган михларни Ўзбекистонда сота бошлаган. Аммо у бунга қониқмай, Наманганда ўзи мих ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилади. Россияда эски мих ясайдиган дастгоҳларни сотиб олиб, шу ерга олиб келади, таъмирлайди ва мих ишлаб чиқара бошлайди.
— Нима учун компания «Davr Metall» деб номланган, бу нимани англатади?
— Бунинг маълум бир фалсафий асоси бор. Davr бу — замон дегани. Metall ни тушуниш осон. У — мослашувчан ва кучга эга, уни йўқ қилиш осон эмас. Абдулҳоди Саматов назарида бу шунчаки замон эмас, балки бир томондан металл замони, иккинчи томондан бизгача етиб келган ўзгаришлар, умид куртаклари очиладиган давр келганди.
— Шундай қилиб, сиз мих ишлаб чиқара бошладингиз ва бу билан чекланмадингиз?
— Ҳа. 1995 йилда биз биринчи темир қуйиш заводимизни очдик. Ва шу пайтдан бошлаб чўян ва пўлатдан ясалган буюмларни ишлаб чиқара бошладик. Аввалига турли деталлар, газ ва сув клапанларини ишлаб чиқардик, кейинчалик трактор заводлари, қишлоқ хўжалиги машиналари учун ишлай бошладик. Бошқа нарсалар қаторида, культиваторлар учун чўянли эҳтиёт қисмларини қуя бошладик. 2000- чи йиллари қозонларни ишлаб чиқара бошладик.
— Бу қандай содир бўлди? Дастлаб саноат эҳтиёт қисмларини, катта, катта ҳажмли буюмларни ишлаб чиқардингиз — ва бирдан қозонга ўтдингизми?
— Бир куни Россиядан буюртмачи келиб, жудаям қозон кераклигини айтиб қолди. Тарихан шундай бўлганки, айнан Наманганда чўян қозонлар қуйилган. Биз саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган эдик, лекин бу янги тажриба эди ва биз чўян қозонлар ва умуман чўян идишлар ясашни бошладик. Бу иш осон эмаслиги маълум бўлди. Бизнинг биринчи қозонларимиз жуда қўпол, ишлов берилмаган ва эстетик жиҳатдан кўзга ярқ этиб ташланмасди. Дарвоқе, қозонларнинг дастлабки намуналари ҳалиям омборимизда сақланмоқда. Асосчимиз Абдулҳоди Саматовнинг Россиядан олиб келган биринчи дастгоҳи ва шу дастгоҳдан ишлаб чиқилган биринчи михлар ҳам бизда сақланади. Ҳатто Россиядан келтирилган биринчи михлар ҳам бор.
Бу ҳар доим улкан ишни, энг кичик нарсалардан ҳам бошлаш мумкинлигини ёдга солувчи хотирадир.
Эндиликда эстафетани асосчимизнинг ўғли Дилмурод Саматов ўз зиммасига олган ва у корхонани бошқариб, ишлаб чиқаришни ривожлантирди ва уни тўртта заводга етказишга муваффақ бўлди.
— Биринчи қозонлар эстетик жиҳатдан унчалик ёқимли бўлмаган, дедингиз. Нима сабабдан?
— Чунки дастлаб ҳамма нарса қўлда бажарилган. Бундай ёндошув яхши эмаслиги маълум бўлди. Биринчидан, бу иш хавфли эди. Иккинчидан, хэнд-мэйд маҳсулот сифатига катта таъсир кўрсатди. Қўлда ишланган бўлса, ҳар бир қуйма ўзига хос бўлади. Маълум бўлишича, иш кўп жиҳатдан устанинг кайфиятига, соғлиғига, қанчалик чарчаганига, эрталаб қайси оёқ билан турганига боғлиқ экан. Том маънода ҳамма нарса инсон омилига боғлиқ эди. Энди биз жараённи автоматлаштирдик, аммо ички силлиқлаш ва якунлаш ишлари ҳали ҳам қўлда амалга оширилади.
— Рақобатчиларингиз бормиди?
- Бор эди. Улар ҳам шу ишларни қилишган, лекин арзонроқ нархда. Яъни, биз яхши сифатни сақлаб қолдик, лекин нархларимиз юқори эди. Харидорлар маҳсулот арзон бўлишини хоҳлашади. Лекин биз сифатни бой беролмасдик, бу ахир обрўимиз. Нима қилиш керак? Биз янги дастгохларни излашимиз, янги қуйиш технологияларини ўзлаштиришимиз ва жараённи яхшилашимиз керак эди. Шу билан бирга, маҳсулотимизни улгуржи миқдорда сотдик. Охир-оқибат маҳсулотларимиз ҳам юқори сифатли, ҳам арзон бўлиб чиқди.
— Сайтингизда 2010 йили корхонада рухли пўлат ишлаб чиқариш линияси, кейин эса арматура ишлаб чиқариш линияси ишга туширилгани айтилади. Ҳозирда нима ишлаб чиқаряпсизлар?
— Ҳозир Наманганда тўртта заводимиз бор. Бошқаларидан эрта қурилган биринчи завод чўян буюмлари, михлар, гальванизли ва вольфрамли симлар, умуман, турли диаметрли симлар ишлаб чиқаради. Биринчи завод асосан экспорт учун ишлайди. Иккинчи завод ички бозор учун ишлайди — у арматура ва электродлар ишлаб чиқаради, лекин асосан тошларни — травертин ва гранитни қайта ишлайди. Бундан ташқари, у ерда агломератлар ишлаб чиқарилади. Учинчи завод эса, биринчи навбатда, маҳаллий бозоримиз учун темир-бетон конструкцияларни ишлаб чиқаради. Тўртинчи завод эса тош қазиб олиш билан шуғулланади, биз уни кейин иккинчи заводда қайта ишлаймиз. Бундан ташқари, 2026 йили яна бир корхона очиш, у ерда чўян маҳсулотлари ва ўчоқлар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Умуман олганда, компания кўп профилли бўлади.
— Тушунарли. Аммо кенг истеъмолчини биринчи навбатда уй-рўзғор буюмлари қизиқтиради.
— Бир-икки йил аввал биз пайвандлаш цехини ишга туширгандик: ўчоқлар, мангаллар ва учамаклар учун. Ўчоқ ва турли форматдаги қозонни боғлайдиган махсус ҳалқалар мавжуд. Мисол учун, қозонингиз ўн литр, ўчоғингиз эса йигирма икки литр сиғимли. Муаммо йўқ: сиз махсус ўтиш ҳалқаси ёрдамида ўчоқ ва турли ўлчамдаги қозонни ўрната оласиз.
— Маҳсулотларингизни қаерга экспорт қиласиз?
- Албатта, булар МДҲ давлатлари, биринчи навбатда Россия. Бундан ташқари, маҳсулотимизни Европа Иттифоқи ва Америкада сотяпмиз. Ҳатто машҳур Брайтон Бичда ҳам маҳсулотларимиз тақдим этилган. Лекин, албатта, Россия биринчи ўринни эгаллайди. У ерда 140 миллион киши истиқомат қилади ва совет давридан бери улар чўян идишларда пиширишга ўрганиб қолишган, чунки бу хавфсиз ва унда таом жуда мазали пишади. Умуман олганда, сўнгги йилларда Европа Иттифоқида сотувлар сезиларли даражада ошди ва Россияга деярли тенглашди.
Ҳозир у ерда юртдошларимиз кўп, ўзлари кўникиб қолган нарсаларни қидириб юришибди.
Эшитишимча, Германияда, масалан, ўзбек бешиклари, кўрпачалари, риштон лаганларини сўрашади. Бизнинг маҳсулотларимиз учун ҳам худди шундай. Маҳсулотларимиз тақдим этилган кўплаб сайтларда сарафан радио ишлайди ва ҳар йили Европа Иттифоқида талаб фақат ошиб бормоқда.
— Етказиб беришда муаммолар борми?
- Йўқ, ҳеч қандай муаммо йўқ. Жуда яхши ҳамкорларимиз бор, биринчи навбатда Posylka.de. Лекин бизнесга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ажабтовур воқеалар ҳам содир бўлган. Бир куни Болгарияга юк жўнатдик. Машина чегарадан ўтаётганда уни тўхтатиб, ҳайдовчига айтишган: одамларни ташияпсиз. Шофер юк машинасини очса, ичида икки суриялик ўтирган бўлган. Ҳайдовчи қўлга олинган, юк машинаси тўхташ жойига жўнатилган. Ҳайдовчи менга қўрқув ва саросимада қўнғироқ қилди — қаердан, нега? Кейинчалик ҳамма нарса аниқ бўлди. Маълум бўлишича, у ухлаб ётганида бу икки суриялик шаввоз ноқонуний Европага кириш учун машина ичига яширинган. Машина чегарадан ўтаётганда, чегарачилар уларни сканерда кўришган. Хайриятки, ҳамма нарса тезда ҳал бўлди.
— Ҳамкорларингизнинг веб-сайтларига қараганда, сизлар қозон ва ўчоқларни алоҳида ва тўпламда сотасиз. Тўплами арзонроқми?
- Албатта. Ўша Posilka.de да тўплам €292 туради. У ўчоқ, қозон, қошиқ, белкурак, термометр, капгир ва чўмични ўз ичига олади. Алоҳида сотиладиган бўлса, ўчоқ ва қозон биргаликда €290 га тўғри келади. Тежамкорлик тахминан 20 фоизни ташкил қилади.
— Эсимда, совет даврида одамлар диван сотиб олишарди ва у ўнлаб йиллар давомида хизмат қилган. Ҳозирда эса бир-икки йилга чидаса ҳам катта гап. Қизиқ, маҳсулотларингиз қанча вақт хизмат қилади?
— Биз ўчоққа беш йиллик кафолат берамиз. Бу шуни англатадики, сиз қанчалик интенсив фойдалансангиз ҳам, бу даврда у куйиб кетмайди ва унга ҳеч нарса бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам у узоқ вақт хизмат қилади. Бизнинг чўян маҳсулотларимизга келсак, уларнинг қутисида чексизлик белгиси бор. Расмий кафолат — юз йил. Регламент мавжуд, унга кўра маҳсулотнинг кафолат муддати кўрсатилиши лозим. Аслида унинг хизмат муддати амалда чексиз ва шу маънода чексизлик белгиси бу ерда ўринлидир.
*
P.S. Агар Ўзбекистонда яшаётган бўлсангиз ва бизнесингиз — маҳсулот ёки хизматлар ҳақида сўзлаб беришни истасангиз — бош муҳаррир Даниил Кисловнинг қуйидаги манзилига ёзинг dan.kislov@gmail.com ёки 👉 канал «Ферганы» орқали Telegramга боғланинг.
-
29 Январь29.01Фото«Тошкент Антарктидаси»Чорвоқ атрофида муз далалари пайдо бўлди
-
22 Январь22.01Эзгулик ва ёвузликни фарқлашНега мигрантларнинг Россияда «ўз одами» бўлиши шунчалар қийин?
-
21 Январь21.01ФотоҒойиб бўлаётган маънолар ўрамиТошкентда Вячеслав Усеиновнинг «Кимсан» кўргазмаси очилди
-
17 Январь17.01Солиқлар шунақаки — тобингни қочирадиHuman House бренди эгаси бизнесини йўқотиш арафасида Ўзбекистон ҳуккматига ёрдам сўраб мурожаат қилди
-
12 Январь12.01Каспийдаги жангларМарказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?