«Навоий» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ҳудудида иссиқ-қуруқ иқлим шароитида ҳаводан ичимлик суви олиш бўйича дунёдаги биринчи қурилма синовлари муваффақиятли якунланди. Россиянинг Aquagenica компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистонда жиддий синовлардан ўтказилган ускуна кунига 1000 литр сув ишлаб чиқариш қувватига эга. Унинг катта афзалликларидан бири — кам энергия сарфлашидир, бу қайта тикланадиган энергия манбалари — қуёш ва шамолдан фойдаланиш имконини беради. «Навоий» ЭИЗ директори Ҳабиб Абдуллаев «Фарғона»га ўзига хос ихтиро ҳақида гапириб берди.
Аслида шундай бошланганди...
2019 йил бошида асли москвалик Хабиб Абдуллаев Ўзбекистонга ишга таклиф қилинди ва «Навоий» ЭИЗ раҳбари этиб тайинланди. У Ўзбекистонга келганидан сўнг бир неча ой ичида мамлакатда универсал ечим топмаган бир қанча асосий муаммолар борлигини, жумладан, сув тақчиллигини тушуниб етди.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил май ойида Навоий вилоятини юқори технологиялар ва инновациялар ҳудуди деб эълон қилганидан сўнг энергия самарадорлиги ва сувни тежаш бўйича хорижий илмий ишланмаларга эътибор қарата бошладим, – дейди Абдуллаев. — Айниқса, чўлланишга қарши кураш контекстидаги сув мавзуси мени ўзига тортди ва бунинг шахсий сабаблари бор эди. 1950 йилларнинг охирларида Ўзбекистон Фанлар академиясига раҳбарлик қилган бобом Тошкентда чўлни ўрганиш бўйича Бутуниттифоқ илмий марказини ташкил этишга ҳаракат қилдилар, бироқ унинг бевақт вафоти бу режаларга тўсқинлик қилганди».
Кейинчалик истиқболли лойиҳаларни излаш бошланди ва бир нечта вариантлар кўриб чиқилди. Натижада, россиялик олим Сергей Доржиев томонидан ишлаб чиқилган атмосфера ҳавосидан сув йиғиб олувчи «Ҳаво булоғи» технологияси ҳақидаги маълумотлар Абдуллаев эътиборини ўзига тортди. Ўша пайтда у ВИМ Федерал илмий қишлоқ хўжалиги муҳандислик марказида қайта тикланадиган энергия манбалари лабораториясини бошқарган.
Абдуллаевнинг сўзларига кўра, Доржиев томонидан ишлаб чиқилган технология хорижий аналоглардан бир қатор афзалликларга эга эди. Масалан, ускуна нисбатан кам электр энергиясини истеъмол қилади, бу эса уни кичик қуёш ёки шамол қурилмалари билан «қувватлантириш» имконини беради. Бундан ташқари, уни ишлатиш осон ва бузилишларга мойил эмасди.
Лекин энг муҳими: ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики,
сув олиш ускунаси жуда қуруқ ҳавода ишлаши мумкин, бу эса сув тақчиллигига эга аксарият мамлакатлар учун жуда муҳимдир.
«Фарғона» суҳбатдошининг эслашича, у катта қийинчилик билан Доржиев билан боғланиб, уни Марказий Осиёга таклиф қилишга муваффақ бўлган, аммо COVID-19 пандемияси орага суқилган.
«2022 йили биз Москвада учрашдик ва Ўзбекистон ушбу технологияни синаб кўриш учун энг яхши жой эканига келишиб олдик», — дейди Абдуллаев.
Дарвоқе, ўшанда Доржиев ва унинг мутахассислар жамоаси инвестор билан биргаликда Aquagenica МЧЖни ташкил қилган. Инвесторни пилот лойиҳани Форс кўрфази, Африка давлатлари ёки Ҳиндистон эмас, балки Ўзбекистонда жойлаштиришга ишонтириш учун яна бир ярим йил керак бўлди, дея қўшимча қилади ЭИЗ раҳбари.
Навоий ноу-хауси
Натижада 2024 йил баҳорида Россия компанияси Ўзбекистонда лойиҳани ишга туширишга қарор қилади ва ускунанинг асосий элементлари эркин иқтисодий зонага жўнатилади. Баъзи компонентлар жойида сотиб олинган ёки ишлаб чиқарилган. Навоийда кундуз кунлари ўта жазирама иссиқ бўлгани боис, мутахассислар кечқурун ва тунда ишлашга мажбур бўлишган.
Июль ойида қуруқ ҳаводан сув сизиб олувчи дунёдаги биринчи қурилма ишга туширилди.
«Натижалар кутганимиздан ҳам зиёда бўлди, – дейди Абдуллаев. — Ускунанинг унумдорлиги мақбул даражада бўлди – ҳисоб миқдори 1000 литр бўлган бир пайтда кунига 850 литр сув ишлаб чиқарилди ва унинг сифати, Россия ва Ўзбекистондаги учта турли лаборатория тадқиқотларининг энг қатъий стандартларига жавоб берди».
Кейинчалик, асбоб-ускуналарнинг «нозик созланиши» амалга оширилди ва вақт давомида параметрлар ўрганилди, бу эса ҳисобланган ҳажмларга эришиш имконини берди.
Ноу-хау муаллифи ва Россиянинг Aquagenica компанияси раҳбари Сергей Доржиев ўз ихтироси ҳақида шундай дейди:
«Кўп йиллик изланишлар натижасида биз атмосфера ҳавосида сув миқдори 4 г/м3 ва ундан юқори бўлган, иссиқ-қуруқ иқлимнинг экстремал шароитида, Цельций бўйича 10 дан 70 гача ҳарорат оралиғида ишлайдиган оддий машинани яратишга муваффақ бўлдик. Ваҳоланки, хорижий аналоглар 8-10 г / м3 ҳаво намлигида ва 25-38 ° С гача бўлган ҳарорат оралиғида ҳаводан сув олади. Ёки, улар айтганидек, 20-40 ° С дан. Ускунамиз сифатли ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, дея умид қиламиз».
Ҳабиб Абдуллаев таъбири билан айтганда
ускунанинг ишга туширилиши тарихий аҳамиятга эга.
Унинг сўзларига кўра, янги технология чекка ёки бориш қийин бўлган ҳудудларда сифатли ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини бир йўла ҳал қилади.
«Биринчи навбатда, бу болаларга тааллуқлидир, зеро сув сифатининг пастлиги уларнинг соғлиғига ёмон таъсир қилади. Соғлиқни сақлаш тизимига бўлган юклама камаяди, бу эса харажатларнинг бир қисмини бошқа ижтимоий эҳтиёжларга йўналтириш имконини беради. Қолаверса, автоном сув манбалари чўлланишни тўхтатишга, янги конларни ўзлаштиришга, геологлар, кончилар, ҳарбийлар ва бошқа кўплаб мутахассислар меҳнатига хизмат қилади», – дейди «Фарғона» суҳбатдоши лойиҳанинг афзалликларини таъкидларкан.
Ўзбекистонда «рўйхатдан ўтган» ноёб технология ҳақидаги маълумотлар ўрнатиш нархисиз тўлиқ бўлмасди. Аммо бу масалада ҳозирча аниқлик йўқ. ЭИЗ директори таъкидлаганидек, Aquagenica ҳозирда Навоий вилоятида ускуналарни оммавий ишлаб чиқариш учун харажатлар ҳисоб-китобларини якунламоқда.
«Қувонарлиси, ўлкамизда машинасозлик ва металлга ишлов бериш соҳасида қатор замонавий корхоналар фаолият юритаётгани вазифани анча осонлаштиради. Нархлар ҳақидаги маълумот, эҳтимол, ноябрь ойининг ўрталарида пайдо бўлар. Маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошиб кетиши ҳозирдан маълум», — дея тушунтирди «Навоий» ЭИЗ раҳбари.
Бироқ, шу нарса маълумки, йилига камида 500 та ичимлик суви ишлаб чиқарувчи ускуналарни ишлаб чиқариш режалаштирилган. «Навоий» ЭИЗ ҳудудида 2025 йили оммавий ишлаб чиқариш бошланиши кутилмоқда. Абдуллаевнинг аниқлик киритишича, маҳсулотларнинг катта қисми экспортга йўналтирилади. Африка ва Осиёнинг камида 30 та давлати ноёб қурилмаларни сотиб олишга қизиқиш билдирган.
«Бироқ, мен Ўзбекистонда ичимлик суви масаласини мутлоқ ҳал этишни устувор вазифа деб биламан», — дейди Абдуллаев.
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди